Жаҳон | 11:41 / 18.07.2025
4789
2 дақиқада ўқилади

Россияда - ёлланма аскарларни фронтга юборишнинг янги схемаси

«Доброкор» кўнгилли бўлинмалари таркибида ёлланма аскарларни фронтга жўнатишнинг янги схемаси куратори Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штабининг Бош бошқармаси ҳисобланади, дея маълум қилди суриштирувчилар.

Фото: Russian Defense Ministry Press Service/AP Photo/picture alliance

Россияда «Доброкор» кўнгилли бўлинмалари таркибида Украинага қарши урушга ёлланма аскарларни юборишнинг янги схемаси амал қилмоқда. Бу ҳақдаги маълумот «Система» суриштирув лойиҳаси томонидан эълон қилинди.

Янги «Добровольческий корпус» тузилмаси 2023 йилда «Редут» хусусий ҳарбий компанияси» негизида ташкил этилган. Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штабининг Бош бошқармаси куратор ва молиявий марказ сифатида ишлайди.

Янги схема бўйича ёллаш «Святой Георгий» бригадаси ва «Дон» казаклар тузилмасини ўз ичига олган 27 та бўлинмада амалга ошириляпти.

Суриштирувчилар маълумотларига кўра, «Добровольческий корпус» нинг асосий куратори Бош штаб Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеевдир.

Бўлинмалар фронтнинг деярли барча йўналишларида: Харкив, Донецк, Луханск, Запорижжя, Херсонда жанг қилмоқда. Улар Россия Федерациясининг Курск вилоятидаги жангларда ҳам қатнашган.

Янги схема бўйича урушга 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар ва 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар (тиббий отрядларга) юборилиши мумкин. Ўқув полигонидаги машғулотлар 10 кундан икки ҳафтагача давом этади. Шартноманинг минимал муддати — олти ой, шунингдек, саккиз ой ва бир йил муддатга шартнома тузиш имконияти мавжуд. Муддат тугагандан сўнг, шартнома узайтирилиши ёки уйга қайтиш мумкин. «Кўнгилли» «жанговар ҳаракатлар фахрийси» мақомига даъво қилиш ҳуқуқига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид