Сўнгги кунларда ўзбек футбол жамоатчилигида янги мунозара мавзуси пайдо бўлди. Гўёки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси германиялик машҳур мураббий Иоахим Лёвга таклиф билан чиққан ва у асосий жамоани жаҳон чемпионатига олиб бориши мумкин. Манбалар Лёв бош мураббий эмас, координатор, маслаҳатчи сифатида кўрилаётгани, шунингдек, ЎФА бу борада бир тўхтамга келмагани айтган, шу билан бирга, ташкилотда Лёвни бош мураббий сифатида таклиф қилишни ўринли деб ҳисоблаётган мутахассислар ҳам бор. Ҳатто агар Лёв бош мураббий бўлиб, Кападзе ёрдамчи сифатида тайинланадиган бўлишса, ўзбекистонлик мураббий жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзилди.

Бу маълумотлар ҳақиқатга яқин бўлиши мумкинлигини шу кунларда немис мураббийи ўз келажаги ҳақидаги саволга бир неча миллий жамоа ва клублардан таклифлар борлиги, ҳозирда у жамоаларни ўрганаётгани ва ҳали аниқ музокараларга бошламагани ҳақида айтгани ҳам тасдиқлагандек бўлди. Наҳотки гап Ўзбекистон миллий жамоаси ҳақида бормоқда?

Ниҳоят бу маълумотлар савол бўлиб Темур Кападзегача етиб келди.

«Ростини айтсам, нима бўлаётганини билмайман. Мен ҳам ҳамма қатори бу хабарни интернетда ўқидим. ЎФАдан ҳеч ким менга ҳеч нарса дегани йўқ. Менга кимнидир таклиф қилиниши, нимадир ўзгариши ҳақида индашмади. Шунинг учун бу ҳақида бирор нарса дея олмайман. Берилган вазифани бажардим. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Агар насиб бўлса, ишни давом эттираман, аксинча бўлса, тақдир қаерга етаклашини кўрамиз. Айни пайтда мен миллий жамоа мураббийиман ва ишлашда давом этяпман», – деди мураббий.

ЎФА нега жим?

Журналист ва мухлислар икки томон бўлиб баҳслашаётган, Темур Кападзе эса ноқулай саволга жавоб беришга мажбур бўлаётган пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳеч қандай изоҳ бермаётгани кишини таажжубга солади ва шу билан бирга баъзи тахминларга йўл очади.

Агар ЎФА мундиалга Темур Кападзе билан боришни аниқ белгилаб қўйганида, менимча, аллақачон бу миш-мишларга реакция берган бўларди. Ахир бу бевосита салкам икки ойдан кейин расман тайёргарликни бошлайдиган жамоага алоқадор, шунингдек, бош мураббий ҳам ўз келажаги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишга ҳаққи бор. Ҳеч ким шу пайтгача ҳеч нарса демаяптими, демак ростан ҳам қандайдир ҳаракатлар бор. Нафақат Иоахим Лёв, шунингдек, кам бўлса-да тилга олинаётган Славан Билич, балки биз ҳали эшитмаган яна бир қатор мураббийлар номзоди кўриб чиқилаётган бўлиши мумкин. Айни пайтда ишсиз юрган мураббийлар жуда кўп ва мундиал йўлланмасини нақд қилган миллий жамоа кўп мутахассислар учун жозибадор кўринади.

Ҳа, ўз вақтида Сречко Катанец билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган, яъни жамоатчилик унинг кетиши ё қолиши ҳақида тинмай баҳслашаётган куз ойларида ЎФА ўз позициясини очиқламай келганди. Аммо ўша ҳолатни тушуниш мумкин, чунки кўп жиҳатлар Сречко Катанецнинг саломатлиги билан боғлиқ бўлган. Ушбу ноаниқлик ЎФА учун ҳам қатъий қарор қабул қилишда халақит берган бўлиши мумкин.