Кунига қанча сув ичиш керак?
Ҳар бир организмнинг суюқликка талаби индивидуал бўлади. Бу инсоннинг ёши, жинси, жисмоний фаоллиги, иқлим шароити ва соғлиғидан келиб чиқиб белгиланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган манбага кўра, инсон кунига ўртача 1,5–2,5 литр (яъни 6–10 стакан) сув истеъмол қилиши лозим.
Айрим ҳолатларда танада сувга бўлган эҳтиёж ортади. Масалан, иссиқ иқлимда яшовчилар, спорт билан шуғулланувчилар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, иситма, ич кетиши ёки қусиш каби ҳолатларни бошдан кечираётган кишилар организмида сув танқислиги тезда юзага келиши мумкин. Бундай вазиятларда танани сувсизлантириб қўймаслик учун қўшимча суюқлик истеъмол қилиш зарур.
Тана сувсизликка тезда реакция билдиради. Чанқаш, оғиз қуриши, бош айланиши, ҳолсизлик, сийдикнинг кам ва тўқ рангда бўлиши дегидрация (сув етишмовчилиги) белгиларидир. Бундай аломатлар сезилса, дарҳол сув ичиб, уни қабул қилиш миқдорини ошириш лозим.
Организм суюқликни фақат тоза ичимлик сувдан эмас, шўрва, мева, сабзавотлар орқали ҳам олади. Масалан, тарвуз, бодринг каби сабзавот-меваларда сув миқдори анчагина юқори бўлади.
Қайси пайтда ичиш фойдали?
Сувни тўғри вақтда ичиш организмга кўпроқ фойда келтиради. Уни қуйидаги вақтларда истеъмол қилиш тавсия этилади:
- Эрталаб, уйғонишингиз билан: танадаги метаболизм жараёнларини фаоллаштириш учун.
- Овқатланишдан 30 дақиқа олдин: ҳазм тизимини ишга туширишга тайёрлаш ва иштаҳани назорат қилиш учун.
- Овқатдан 1 соат кейин: ҳазм жараёнини енгиллаштириш мақсадида.
- Жисмоний фаолиятдан аввал ва кейин: организмдаги суюқлик мувозанатини тиклаш учун.
- Ҳар 1–2 соат орасида бир стакан: организмни нам ҳолда сақлаш ва оғиз қуришининг олдини олиш учун.
Айримлар чой, қаҳва ёки газланган ичимликлар орқали сув ўрнини тўлдираман деб ўйлайди. Аслида, бу ичимликлар танадан сув чиқарилишини тезлаштиради. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сувни етарли ичмайдиган инсонлар орасида семириш ва моддалар алмашинуви билан боғлиқ муаммолар кўпроқ учрайди.















