Жаҳон | 18:28 / 24.07.2025
4004
2 дақиқада ўқилади

Украинадаги намойишлар ортидан антикоррупция органларига яна мустақиллик берилиши мумкин

Депутатлар шу мазмундаги қонун лойиҳасини Олий Радага киритди. Аввалроқ, антикоррупция органларини Бош прокуратурага бўйсундириш ҳақидаги қонун оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди.

Фото: AP

Украина Олий Радасининг 48 нафар депутати Коррупцияга қарши миллий бюро (НАБУ) ва Ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратурасига (САП) мустақилликни қайтариши керак бўлган қонун лойиҳасини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда сўз эркинлиги қўмитаси раҳбари Ярослав Юрчишин хабар берди.

«НАБУ ва САП мустақиллигини қайтариш тўғрисидаги қонун лойиҳасини турли фракциялардан 48 нафар депутат имзолади. Рўйхатдан ўтказамиз. Эртага овоз бериш мумкин», деб ёзди Юрчишин.

Депутатларнинг ташаббуси Олий рада томонидан қабул қилинган ва 22 июл куни президент Володимир Зеленский томонидан имзоланган 12414-сонли қонунга жавоб бўлиши керак. У амалда НАБУ ва САП идораларини мустақилликдан маҳрум қилиб, уларни Бош прокуроратурага бўйсундирган эди.

Украина президенти 12414-сонли қонунни имзолаганидан сўнг, Украина шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди. Қаторасига икки кун одамлар Киев, Одесса, Лвов ва бошқа шаҳарларда намойишларга чиқиб, қонунга вето қўйишни ва НАБУ ва САП мустақиллигини қайтаришни талаб қилишди. Европа Иттифоқи ҳам қонундан норозилик билдирди. Зеленский ўзи имзолаган ҳужжат атрофидаги вазиятга изоҳ бериб, Украина Олий Радасига жамиятнинг реакциясига «жавоб бўладиган» ва «коррупцияга қарши институтларнинг мустақиллигини кучайтирадиган» қонун лойиҳасини киритишини ёзди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид