Яхши аёл эркакни ўзгартириши мумкинми?
Психологияда шахснинг ўзгариши учун ички мотивация зарур. Америкалик машҳур психолог Карл Рожерс ўз назариясида шундай деган:
“Шахс фақат ўзи ўзгаришни хоҳлагандагина ўзгаради. Бошқаларнинг босими ёки ишончи билан эмас”. Буни гуманистик психология йўналиши ҳам қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, ижтимоий психологияда “ўзгартириш иллюзияси” мавжуд бўлиб, бу — инсон яқинлари билан муносабат қурганда, уларни ўз хоҳишига мослаштириб ўзгартириш мумкин, деган ишонч нотўғри эканини исботлайди. Психолог Джон Готтман (Gottman Institute) тадқиқотларига кўра: “Токсик шахс билан муносабатда қолиш, “уни мен ўзгартириб юборишим мумкин” деган умид энг кенг тарқалган ва хатарли психологик хатолардан бири саналади”.
Ўзини “қутқарувчи” деб ҳис қиладиган аёллар
Бошқа инсонни ўзгартириш иллюзиясининг клиник атамаси “Прометей синдроми” деб аталади. Бу синдром бир шахс бошқасини “қутқариш” ва ўзгартиришга бўлган ортиқча ҳаракати орқали ўзини ҳақли ва муҳим ҳис қилишга интилиш ҳолатидир. Бу эса ҳар иккала шахс учун ҳам хатарли бўлиши мумкин.
Бундай афсонага ишонган аёллар кўпинча токсик муносабатда қолишади, ўз қадрини йўқотишади ва оқибатда руҳий тушкунлик, депрессияга йўлиқиши ва ҳатто зўравонликка йўл очиши мумкин
Ҳар қандай шахс ўзгартирилиши учун у аввало ўз муаммосини тан олиши, қабул қилиши ва ўзгаришни хоҳлаши керак. “Мен яхши бўлсам, у ўзгаради” деган қараш эса реал эмас.














