Президент Шавкат Мирзиёев 31 июл куни қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

2024 йил 14 октябрдаги президент фармонига мувофиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологиялар жорий этилмоқда. Бу қишлоқ ва сув хўжалигидаги ҳақиқий ҳолатни, камчиликларни очиқ-ойдин кўрсатиб бераяпти.

Икки йил мобайнида соҳада фойдаланилаётган 4 миллион гектардан зиёд ерлар космик мониторинг қилинди. Аниқланишича, ҳисоботларда кўрсатилган айрим майдонларда пахта экилмаган, баъзан эса захирадаги ёки эгаси номаълум ерларга экилган.

Шу боис давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини масофавий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиши белгиланди.

Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллигидан келиб чиқиб, юртимизда кам сув талаб қиладиган янги навлар ва агротехнологияга ўтилмоқда. Лекин экинларни суғоришда сув сарфи меъёри ҳозирги ҳақиқатдаги талабга жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Гидромодул районлаштириш ёндашуви ҳам эскирган. Оқибатда каналлар охирида жойлашган 3 мингдан зиёд фермерга сув етиб бормаяпти.

Қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги илмий институтларни жалб қилган ҳолда суғориш меъёри ва гидромодул районлаштиришни тўлиқ янгилаш вазифаси қўйилди.

Фермерлар сарфлаётган сувнинг ҳалигача аниқ ҳисоби йўқлиги қайд этилиб, бунинг барча босқичларини рақамлаштириш, сувнинг контурма-контур ҳисобини юритиш зарурлиги таъкидланди.

Сув омборлари сиғими ҳам лойиҳавий қуввати бўйича ҳисобланиб келинар эди. Сўнгги икки йилда 60 та йирик сув омбори илк бор батиметрик таҳлилдан ўтказилди. Лойқа чўккани сабабли айримларининг сиғими камайгани аниқланди.

Шу боис барча сув омборларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиб, сув миқдорини онлайн кузатиш, улардаги лойқани камайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

“Ер билан сув – қишлоқ хўжалигимиз тақдирини ҳал қилувчи масала”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозир фермерлар ер, кредит, субсидия ва агрохизматлар бўйича 30 дан ортиқ платформадан фойдаланяпти. Буни осонлаштириш учун улар бирлаштирилиб, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси ишга туширилади.