Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп: Махсус элчи Уиткофф 6 ёки 7 август куни Россияга ташриф буюради

АҚШ президентининг махсус элчиси Стивен Уиткофф 6 ёки 7 август куни Россия раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Россияга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп 3 август, якшанба куни журналистларга маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, Уиткофф ҳозирда бор эътиборини Ғазо секторига қаратган. «У, эҳтимол, келаси ҳафта, чоршанба ёки пайшанба куни Россияга кетади. Улар уни кўришни истади, учрашувга таклиф қилди. Демак, нима бўлишини кўрамиз», — деди Трамп.

Агар Россия Украинада тинчлик ўрнатишдан бош тортса нима бўлади, деган саволга Трамп шундай жавоб берди: «Демак, санкциялар бўлади. Лекин улар санкцияларни айланиб ўтишга жуда уста. Шундай қилиб, нима бўлишини кўрамиз».

АҚШ президентининг сўзларига кўра, санкциялардан қочиш учун Москва «одамлар ўлимини тўхтатиш мақсадида битим тузиши» керак. «Биз кўплаб мамлакатларнинг уруш олиб боришини тўхтатдик», деди Трамп Ҳиндистон ва Покистон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руандани мисол сифатида келтириб. «Биз бу урушни ҳам тўхтатамиз ва кимдир буни қилиши керак», деди республикачи.

Исроилнинг Ғазодаги тажовузи қурбонлари сони 60 мингдан ошди

Исроилнинг Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган тажовузи қурбонлари сони 60 839 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо секторидаги Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида маълум қилинди.

Баёнотга кўра, сўнгги 24 соат ичида эксклавнинг 119 нафар аҳолиси ҳалок бўлган, яна 866 нафари жароҳатланган.

Исроилнинг 2023 йил 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумлари натижасида жами 149 588 киши жароҳатланди.

18 март куни Исроил армияси 19 январда ҲАМАС билан келишилган ўт очишни тўхтатиш келишувини бузди ва Ғазо секторига яна оммавий ҳужумларни бошлади. Ўшандан бери ҳужумлар натижасида 9350 киши ҳалок бўлди, яна 37 547 киши яраланди.

27 майдан буён 1487 фаластинлик АҚШ ва Исроил томонидан бошқариладиган «Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси» ташкил этган ёрдам тарқатиш пунктларига уюштирилган ҳужумлар натижасида ҳалок бўлди, 10 578 нафари яраланди.