Ўзбекистон | 18:05 / 12.08.2025
12179
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг айрим кўчаларида тезликни 80 км/соатгача ошириш режалаштирилмоқда

Пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шаҳардаги бешта кўчада ҳаракат тезлигини 60 км/соатдан 80 км/соатга ошириш таклифи билан чиқди. Бу – радарлар қайд этган тезликдан 10 км/соат чегириб ташлаш тартиби кучга кирган тақдирда, ҳатто шаҳар марказида ҳам тезликни 90 км/соатгача ошириш имкони демакдир.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг бешта кўчасида автомобиллар учун тезлик чекловини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 12 август кунги йиғилишида пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов маълум қилди.

“Тошкент шаҳрининг Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш ҳамда Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун чекланган юқори тезлик 80 километрга ўзгартириш таклифини беряпмиз”, – дея Алимовнинг сўзларини келтирди Gazeta.uz.

Депутатлардан бири янги тезлик чегараси қачон кучга киришини сўради. “Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотларга таклиф киритдик, эълон қиламиз”, – дея жавоб берди ЙҲХБ расмийси.

Элмурод Алимов / Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда автоҳалокатлардан ўлим даражаси юқорилиги сабабли, 2023 йил апрел ойида шаҳарлардаги тезлик чегараси 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилганди.

Элмурод Алимовнинг айтишича, пойтахтнинг 12 та кўчасида (аниқ қайсилари экани айтилмади) бир томонлама ҳаракатланишни жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Бу ташаббус – тирбандлик ва ЙТҲларнинг олдини олиш ва йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсади билан изоҳланди.

Шаҳар ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари ёз ойларида электр таъминотидаги узилишлар сабаб светофорлар ўчиб қолаётгани ҳақида ҳам гапирди.

“Бунинг натижасида светофорлар ишламай, тартибсизликлар юзага келяпти. 5-6 соат, 8 соат, 2 соатлаб шунақа ҳолат бўляпти. Яъни биз шунда нима қиляпмиз? Инспекторларнинг жисмоний кучидан фойдаланяпмиз”, – деган Алимов ечим сифатида марказий чорраҳаларда узлуксиз қувват манбаларини ўрнатишни таклиф қилди.

“500 та пойтахтдаги марказий чорраҳалардаги светофор объектларига UPS мосламасини ўрнатиш таклифини беряпмиз. Яъни, свет ўчиб қолган тақдирда ҳам ўзининг 5-6 соатга етадиган қуввати бўлади. Свет келгунча бемалол светофоримиз ишлаши мумкин”, – деди у.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 9 июл куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтганди. Йиғилишда давлат раҳбари кунига ўртача 6 киши автоҳалокат қурбони бўлаётганига эътибор қаратиб, бу рақам ҳаммани ташвишлантириши кераклигини айтганди.

Март ойида радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташланишига оид қонун лойиҳасини парламентда кўриб чиқиш бошланганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид