Иқтисодиёт | 13:59 / 13.08.2025
6285
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда иссиқ сув ва иситиш таъминоти тарифларини ошириш режалаштириляпти

2025 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифлари аҳоли учун 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун эса 19 фоизга ошиши мумкин. 

Фото: Shutterstock

Тошкентда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти учун тарифлар яна оширилиши режалаштириляпти. Бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 12 август куни бўлиб ўтган йиғилишида Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаевага таяниб, Gazeta.uz хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт аҳолиси базавий тарифнинг атиги 18 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидиялар шаклида қопланади. Ҳукумат 2030 йилгача иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишни режалаштиряпти.

Veolia Energy Tashkent келгуси беш йил ичида тарифларни 100 фоиз истеъмолчилар тўлашига эришишни мақсад қилган.

«2019 йилда (Veolia билан) давлат-хусусий шериклик дастури тузилганда, ҳар йили нархларни камида 30 фоизга ошириш назарда тутилган. Лекин амалда 2022 йилдан эътиборан бошлаганмиз. Ва шунда биринчи марта 2024 йилда 30 фоизга оширишга эришишимиз керак эди. Олдинги йили икки марта 15 фоиздан аҳолига тариф оширилган», деди компания раҳбари.

2025 йил 1 октябрдан аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини 15 фоизга ошириш таклиф қилинмоқда. Айни пайтда кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳоли учун чакана савдо тарифи 121 617 сўм/Гкални (ҚҚСсиз) ташкил қилади. Таклифлар маъқулланса, нарх 139 минг сўмгача ошади.

«Шу билан бирга, 10 фоиз бўлса ҳам, давлат ва бошқа юридик корхона-истеъмолчиларимиз бор. Биз анализ ўтказдик: Тошкентдаги тадбиркорлар бутун республикадаги тадбиркорлардан энг паст тарифни тўлаётганини аниқладик», — дейди Veolia Energy Tashkent раҳбари.

Пардаеванинг тушунтиришича, Тошкент шаҳрида тарифлар табақалаштирилган.

«Юридик корхоналар тўламаган улушни бюджет корхоналари тўлаб беряпти. Бу ҳам яна давлатнинг елкасига тушаётган юк. Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, бизда давлат корхоналаридаги тариф билан юридик шахслар тарифи ўртасидаги тафовут жудаям катталашиб кетган. Бутун республикада бир хил деб ҳисобланади. Мисол учун, республиканинг бошқа ҳудудларида 500 000 сўм бўлса, давлат корхонаси ҳам 500 000 сўмдан тўлайди, сартарошхона ҳам 500 000 сўмдан тўлайди. Лекин бизда ҳозир тафовут жудаям катта. Жорий тарифимиз бўйича, давлат корхоналари бир гигакалория учун 801 000 сўм тўлайди, юридик шахслар эса 241 000 сўм», — дея таъкидлаган у.

Пардаеванинг сўзларига кўра, давлат корхоналари орасида тижорат тузилмалари ҳам мавжуд. «Улар, мисол учун, нархни оширадиган бўлса, давлат ҳозиргидек тўлаб бермайди. Бу дегани, улар ҳам ўз нархини оширади ва барибир бу юк истеъмолчига боради», — дея қўшимча қилди у.

Ўтган йили компания юридик шахслар учун тарифларни 50 фоизга оширишни таклиф қилган, бироқ бу таклиф қабул қилинмаган ва 15 фоиз ошириш билан чекланилган.

«Шунинг асосида йил давомида 75 миллиард [сўм]га яқин йўқотиш бўлди, яъни зарар кўрдик. Энди уни бошқа масалаларни, бошқа харажатларни тартибга солиб амалга оширишга ҳаракат қилдик. Лекин ўша тартибда, яъни йилдан йилга бунақа амалиётни оширадиган бўлсак, бу нотўғри натижага олиб келади, деб ўйлайман. Бу йили яна 50 фоиз ошириш масаласи билан таклиф киритдик, лекин ўшанда маслаҳатлашиб, юридик шахслар учун 40 фоизга, давлат корхоналари учун 19 фоизга ошириш масаласи таклиф қилинди», — деди Veolia Energy Tashkent раҳбари.

Янги тарифлар тасдиқланса, юридик шахслар учун нарх 342,3 минг сўмгача, бюджет ташкилотлари учун эса 954,3 минг сўмгача ошади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид