Англия: «Арсенал» «Олд Траффорд»дан 3 очко билан қайтди

АПЛ. 1-тур
«Манчестер Юнайтед» — «Арсенал» 0:1
Гол: Калафиори (13).
«Манчестер Юнайтед» — Байиндир, Далот (Диалло, 55), Йоро, Ле Лигт, Шоу (Магуайр, 80), Доргу, Каземиро (Угарте, 65), Фернандеш, Маунт (Шешко, 65), Мбеумо, Куня.
«Арсенал» — Райя, Уайт (Тимбер, 72), Габриэл, Салиба, Калафиори (Люис-Скелли, 72), Райс (Мерино, 83), Субименди, Эдегор, Сака, Мартинеллли (Мадуэке, 60), Гокереш (Ҳавертц, 60).
Огоҳлантиришлар: Калафиори (42), Доргу (85), Райя (85), Тимбер (90+1), Люис-Скелли (90+3).

Англия премер лигасида 2025/26 йиллар мавсумининг биринчи тури футбол мухлисларига бирданига икки топ учрашувни тақдим этди. Жума оқшомида ҳужум чизиғини янгилаган «Ливерпул» «Борнмут»га қарши ўйинда ирода кўрсатиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Якшанба куни эса инглиз классикаси бўлиб ўтди — «Манчестер Юнайтед» «Олд Траффорд»да «Арсенал»ни қабул қилди.

Бу жамоалар ёзги трансферларни фаол ўтказди, айниқса, ўтган мавсумни 15-ўринда якунлаган «МЮ» 230 миллион евро сарфлаб, ҳужум чизиғига Куня, Мбемо ва Шешко каби тўпурар футболчиларни сотиб олди ва бу мавсумда ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Қаторасига уч мавсумда чемпионлик пойгасини бой берган «Арсенал» учун эса янги мавсумни ғалаба билан бошлаш жуда муҳим эди.

«Арсенал» ҳам трансферлар учун 200 миллион еврога яқин харажат қилди ва таркибини яримҳимоячилар Мартин Субименди ва Кристиан Норгар, ҳужумчилар Нони Мадуэке ва Виктор Гёкереш, ҳимоячи Москера ва дарвозабон Кепани ўз сафига қўшиб олди.

Мураббийлар ўз ихтиёридаги энг кучли таркибни майдонга ташлади. Аморим фақат жамоага қўшилганига кўп бўлмаган Шешкони захирада қолдирди — Мбемо ва Куня илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Артета эса янги харидлардан Гёкереш ва Субимендини бошланғич таркибга киритди.

Байиндирнинг хатоси ва Кунянинг магияси

«Юнайтед» ўйинни тетик бошлади — мезбонлар дарҳол тўпни ўз назоратига олди ва бир неча бор турли қанотлардан рақиб жарима майдонига кириб боришга уринди. Айниқса Куня ва чап қанот ҳимоячиси Патрик Доргу жонбозлик кўрсатишди — улар дастлабки 10 дақиқаликда бир неча хавфли вазиятлар яратишди.

«Арсенал»дан эса кучли босимга дош бериш талаб этилди ва улар буни уддалашди. 10-дақиқадан кейин эса мезбонлар босимни сусайтирди ва бунинг учун тўлов қилишди. 13-дақиқада «канонирлар» ҳужумга ўтишди ва бурчак тўпи ишлашди — «Арсенал» сардори Мартин Эдегорнинг қанотдан узатмасидан кейин Матейс де Лигт тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Стандарт вазиятлар эса ҳамон манкунианлар учун нозик нуқта экани аён бўлди.