Жаҳон | 10:55 / 19.08.2025
15398
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Вашингтонда «сокин ғалаба»га эришди – The Telegraph

Трампга зарур даражада ҳурмат ва хушомадни кўрсатиш, шу билан бирга рақибларига босим ўтказадиган позицияни эгаллаш Украина ва иттифоқдошларнинг Вашингтондаги кичик ғалабаси сифатида таърифланди.

Фото: Aaron Schwartz / CNP / Keystone Press Agency / Global Look Press

Вашингтондаги учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский ва унинг иттифоқчилари АҚШ президенти Доналд Трамп билан муносабатлардаги позицияларини тиклаб олди. Оқибатда Россия президенти Владимир Путин кутилмаганда қийин аҳволга тушиб қолди, деб ёзди The Telegraph.

Нашрнинг таъкидлашича, Зеленский бу сафар кийимни тўғри танлади. Ўтган сафар, феврал ойида Овал кабинетдаги учрашувда Зеленскийнинг кийими америкаликларни ғазаблантирганди. Бироқ, бу сафар у ўз яхлитлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва апрел ойида Папа Францискнинг дафн маросимида бўлгани каби қора пиджак кийиб олди.

«Трамп хурсанд бўлди ва ҳайратда қолди. Қолаверса, ўтган сафар кескин савол берган мухбир унинг янги кийимини мақтаганида, Зеленский бунга муносиб жавоб қайтарди. Сиз ҳамон ўша костюмда экансиз, деди у истеҳзоли жилмайиб. Мен ўзгардим. Сиз ўзгармабсиз, деди у. Ҳамма кулиб юборди. Мухбир пичоқ зарбасини сезмаган кўринади, бироқ қолганлар шамани тушунди»,  деб ёзди нашр.

Қайд этилишича, Зеленский ва европаликларнинг тактикаси шундай бўлган: Трампга зарур даражада ҳурмат ва хушомадни кўрсатиш, шу билан бирга рақибларига босим ўтказадиган позицияни эгаллаш.

Шунингдек, яна бир усул – Зеленский рафиқасининг мактубини биринчи хонимга етказиш ҳам қўлланди. Бу Меланиянинг Путинга болаларни ҳимоя қилишга чақириб ёзган мактубига ишора эди.

«Бу сизга эмас, рафиқангизга»,  деди Украина раҳбари ўзини илиқ кутиб олган Трампга мактубни топширар экан.

«Бу ғоя бўйича ҳам, саҳналаштириш бўйича ҳам идеал эди: Қўшма Штатларнинг қўллаб-қувватлаш ишорасидан президент учун жуда шахсий тарзда фойдаланиш. Психологик нуқтайи назардан бу Трампни ўз томонига оғдириш учун ўйлаб топилгани аниқ»,  деб ёзди нашр.

Таъкидланишича, умумий манзара Украина учун идеал бўлмаса-да, Аляскадаги саммит билан солиштирганда, Европа альянси муҳим стратегик ютуқларга эришди. Бундан ташқари, Зеленский, Трамп ўтган сафар ноҳақ айблаганидек, АҚШ президентини ўзига тўсқинлик қилишдан кўра, тинчликка чин дилдан қизиқишига ишонтирганга ўхшайди.

Бу, эҳтимол, бугунги кундаги энг муҳим ютуққа йўл очди: Трамп хавфсизлик кафолати сифатида Америка қўшинларини киритиш имкониятини истисно қилишдан бош тортди. «Улар [Европа] биринчи мудофаа чизиғи, чунки улар ўша ерда... лекин биз ҳам уларга ёрдам бермоқчимиз. Биз иштирок этамиз»,  деди у.

Бундан ташқари, Трамп Зеленский ва Путин учрашувига тайёргарликни бошлаганини эълон қилди ва бу Украина ва иттифоқчиларнинг яна бир ғалабаси эканини тасдиқлайди.

«Учрашув Путиннинг Зеленскийни қонуний давлат раҳбари сифатидаги мақомини жимгина тан олишини англатарди, бу эса, албатта, россияликларга ёқмайди»,  деб ёзди нашр.

The Telegraph фикрига кўра, душанбани Украинанинг тинч дипломатик ғалабаси сифатида қайд этиш мумкин.

«Путин сўнгги ҳафталарда биринчи марта босим остида қолган бўлиши мумкин. Агар у ўз ҳокимиятига бўлган бу тажовузларга битимни ёки келажакдаги ҳар қандай музокараларни бузиш билан жавоб қайтарса, ўзини айбдор томон сифатида кўрсатиши мумкин. Бу эса урушга чек қўймоқчи бўлаётган Оқ уй томонидан жавоб чоралари кўрилишига олиб келиши мумкин»,  деб ёзди The Telegraph.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид