Жаҳон | 09:50 / 25.08.2025
1864
2 дақиқада ўқилади

Вадефул: Киев НАТОга аъзо бўлишга яқин кафолатларга муҳтож

Украина НАТОга аъзоликка «жуда яқин» хавфсизлик кафолатларини олиши керак, деди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда 30 га яқин давлат уларни тақдим этишга тайёр.

Йоханн Вадефул Фото: Abdul Saboor/REUTERS

Россия билан эҳтимолий тинчлик битимидан кейин Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолатлари НАТО аъзолигига «жуда яқин» бўлиши керак. Бу ҳақда 24 август, якшанба куни Германия ҳукуматида бўлиб ўтган очиқ эшиклар кунида Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул айтиб ўтди.

«Агар Украина имкон қадар кўп мамлакатлардан ҳеч бўлмаганда реал хавфсизлик кафолатларини олмаса, ҳеч бўлмаганда қолган қисми (Украина ҳудудининг) хавфсиз бўлиши учун ҳудудий имтиёзларни жиддий кўриб чиқишни талаб қила олмаймиз», — дея Германия вазирининг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги.

Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бундай хавфсизлик кафолатларини талаб қилиш охир оқибат Россия президенти Владимир Путинни ишонтиришига умид билдирди. Вадефул, шунингдек, бундай кафолатлар Россия учун хавф туғдирмаслигини таъкидлади. «Кейин бу Европада ниҳоят яна тинчлик учун асос бўлиши мумкин», деди немис вазири.

Нафақат ЕИ давлатлари, балки бошқа давлатлар, хусусан АҚШ ҳам Украинага хавфсизлик кафолатларини бериши керак, деди Вадефул. Унинг сўзларига кўра, айни дамда 30 га яқин давлат, жумладан, Япония ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид