Япония ҳукумати дипломатик каналлар орқали Осиё ва Европа мамлакатларини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб 3 сентябр куни Хитойда бўлиб ўтадиган тадбирлар ва ҳарбий парадда қатнашмасликка чақирди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар бермоқда.
«3 сентябр куни Пекиндаги Тянанмэн майдонида Пекин ўзининг “Япон агрессиясига қарши уруш” ва “Бутунжаҳон фашистларга қарши уруш”даги ғалабаси деб атайдиган тадбирни нишонлаш учун парад ўтказилади», — дейилади агентлик хабарида.
Агентлик манбаларининг айтишларича, Япония хориждаги элчихоналари орқали бошқа мамлакатларни Хитойдаги хотирлаш тадбирлари японларга қарши қаратилгани, бу тадбирларда қатнашишдан олдин яхшилаб ўйлаш кераклигини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, Хитойдаги тадбирда қатор мамлакатлар раҳбарлари, жумладан, Владимир Путин ҳам иштирок этади.
Аввалроқ Европа мамлакатларининг Хитойдаги элчилари Россия президенти Владимир Путиннинг иштироки боис Пекинда бўлиб ўтадиган ҳарбий парадни бойкот қилишлари мумкин, деб ёзганди South China Morning Post нашри.










