Тадбирда ШҲТ давлатлари делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари билан бир қаторда кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Президент ўз нутқида очиқлик ва кўп томонлама ҳамкорлик руҳига тўлиқ жавоб берадиган «ШҲТ плюс» формати ишончли мулоқот учун тобора муҳим майдонга айланиб бораётганини таъкидлади. Бу галги саммит XX асрнинг энг катта фожиаси – Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигида ўтаётгани рамзий маънога эга экани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси қарама-қаршилик кўпайиб бораётганидан хавотир билдириб, низоларга барҳам бериш, ишончни тиклаш, тинч-тотув яшаш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилишга чақирди. Шу маънода, Хитой раиси Си Жинпинг илгари сурган Глобал бошқарув бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Мирзиёев Ғазо секторидаги вазият яна кескинлашаётгани ва гуманитар аҳвол ёмонлашаётганини қайд этиб, Фаластин – Исроил муаммосини «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида адолатли ҳал этишгина Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиши мумкинлигини таъкидлади.

ШҲТ доирасидаги шериклик ва амалий ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларига тўхталди.
Энг аввало, ШҲТ мамлакатларининг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш муҳим экани, бу, айниқса, иқлим ўзгариши, энергетика ва озиқ-овқат ресурслари тақчиллиги, миграция инқирозлари, киберҳужумлар ва бошқа янги хавф-хатарлар юзага келаётган шароитда долзарб экани таъкидланди.
Президент Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ҳамда Душанбе шаҳрида Наркотикларга қарши курашиш маркази ишга туширилганини олқишлади.
Хавфсизлик масалалари бўйича «ШҲТ плюс» форматидаги биринчи мулоқотни келгуси йили юртимизда ўтказиш таклиф қилинди.
– Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотини йўлга қўймасдан туриб, минтақамизда барқарорликни таъминлаш мумкин эмас, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Шу муносабат билан ушбу мамлакат билан ҳамкорлик қилиш ва уни ШҲТ лойиҳаларига жалб қилиш бўйича прагматик ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.







