Олий раданинг собиқ спикери Андрей Парубийни ўлдиришда гумон қилинаётган шахс айбини тан олди ва Россия вакиллари билан алоқалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда 1 сентябр, душанба куни ОАВ Украина ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб хабар берди.

Дастлабки сўроқларда қўлга олинган 52 ёшли лвивлик фуқаро Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси бўлган ўғли 2023 йилда Бахмут йўналишида бедарак йўқолганини айтди. Эркак ўғлининг тақдири ҳақида маълумот топиш учун Россия ижтимоий тармоқларини ўрганишни бошлаган ва охир-оқибат Россиянинг баъзи вакиллари билан боғланган, улар ўғлининг вафот этгани ҳақида хабар берган.

Украина "5 канал"ининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Россия махсус хизматлари «гумонланувчини Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси бўлган ўғлининг жасади жойлашган жой ҳақидаги маълумот билан шантаж қилган». Лвивдаги «Высокий замок» нашри манбаларига кўра, «россияликлар отанинг фожиасидан фойдаланиб, украиналик ҳар қандай таниқли сиёсатчининг ўлдирилиши эвазига ўғлининг жасадини беришини айтган».