Ўзбекистон | 14:28 / 04.09.2025
1633
1 дақиқада ўқилади

АҚШ стандартлари асосида тиббиёт ходимларини тайёрлаш дастури ишлаб чиқилади

Ўзбекистон – АҚШ: тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигида мамлакатга амалий ташриф билан келган АҚШ президентининг глобал ҳамкорлик масалалари бўйича махсус вакили Паоло Замполли ҳамда ушбу давлатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник билан учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида томонлар АҚШ компаниялари билан биргаликда дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тиббиёт муассасаларини бошқариш, мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шифохоналарни юқори технологияли ускуналар билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, АҚШ стандартлари асосида ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш ва кейинчалик ушбу мутахассисларни қонуний асосда хорижда иш билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот якунида П.Замполли Ўзбекистон АҚШ учун минтақадаги ишончли стратегик ҳамкор эканини таъкидлаб, Америка томони соғлиқни сақлаш соҳасига доир шу каби истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид