Жаҳон | 13:20 / 06.09.2025
3052
2 дақиқада ўқилади

Эстония ва Литва АҚШ ҳарбий ёрдами қисқаришини тасдиқлади

Вашингтон Европадан мудофаа соҳасида мустақилроқ бўлишини талаб қилиб, Эстония ва Литвага узоқ муддатли ёрдамни қисқартирмоқда. Бу қарор президент Доналд Трампнинг хорижий ёрдамни қайта тақсимлаш сиёсати билан боғлиқ.

Фото: Kay Nietfeld / dpa / picture alliance

Эстония ва Литва АҚШ ҳарбий ёрдами сезиларли даражада қисқаришини тасдиқлади. Литва Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Вайдотас Урбелиснинг 5 сентябр, жума куни журналистларга айтишича, Пентагон ўтган ҳафта Америкада ишлаб чиқарилган қуролларни сотиб олиш бўйича 333 дастурини молиялаштиришни «нолга» қисқартираётгани ҳақида ҳар икки давлатни хабардор қилган.

Аввалроқ The Financial Times Трамп маъмурияти Россия яқинида жойлашган давлатлар учун узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш дастурларини тўхтатмоқчи экани ҳақида хабар берган эди. Урбелиснинг сўзларига кўра, қисқартиришлар нафақат Болтиқбўйи давлатлари, балки Шарқий Европанинг барча давлатларига тааллуқлидир.

The Washington Post газетасининг аниқлик киритишича, гап бир неча юз миллион доллар ҳақида кетмоқда. Оқ уй AFP'га тафсилотларни тасдиқламади, бироқ бу қарор Европа давлатлари билан келишилганини ва Трампнинг январ ойида имзоланган Америка ташқи ёрдамини қайта тақсимлаш бўйича фармони доирасида қабул қилинганини таъкидлади.

Урбелиснинг сўзларига кўра, 333 дастури сўнгги йилларда Литвага берилган ҳарбий ёрдамнинг учдан бир қисмидан 80 фоизигача бўлган қисмини ташкил қилган. Шу билан бирга, у қисқартиришлар Америка қўшинларининг минтақада бўлишига таъсир қилмаслигини таъкидлади – уларни молиялаштириш бюджетнинг бошқа бандлари билан таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид