Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 9 сентябр куни Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳага қилган ҳужумини қораловчи, вазиятни юмшатишга чақирувчи баёнот қабул қилди. Унга Кенгашнинг 5 та доимий ва 10 сайланадиган аъзолари, жумладан, Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ ҳам қўшилди.

New York Times'нинг ёзишича, Қўшма Штатлар одатда БМТда Исроилга қарши чораларни тўсиб қўярди. Бироқ пайшанба куни бундай қилмади ва Кенгаш аъзолари қатори «Доҳадаги сўнгги ҳужумларни қоралашини билдирди».

Баёнот 11 сентябр куни чақирилган фавқулодда йиғилиш арафасида эълон қилинди. Йиғилиш Исроилнинг Доҳадаги Ҳамас раҳбарларини нишонга олган зарбаларини муҳокама қилиш учун Қатар, Жазоир, Покистон ва Сомали талаби билан чақирилган эди.

Фото: REUTERS

Исроилнинг Доҳага ҳужуми оқибатида Ҳамаснинг беш аъзоси ўлдирилди, аммо гуруҳ раҳбарияти суиқасддан омон қолди. Ҳужумда 22 ёшли Қатар хавфсизлик ходими ҳам ҳалок бўлди. Бу зарба минтақадаги дипломатик тарангликни кескин оширди.

Ҳамас раҳбарлари ҳужум вақтида АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф қилган янги келишувни муҳокама қилаётган эди.

Фото: REUTERS

«Доҳада бўлаётган воқеалар фонида Кенгаш аъзолари вазиятни юмшатиш муҳимлигини таъкидлади ва Қатар билан бирдамлик билдирди», дейилади Франция ва Буюк Британия томонидан тайёрланган баёнотда. Лекин унда Исроил номи очиқ тилга олинмади.

Унда, шунингдек, «Ҳамас томонидан ўлдирилганларни ҳам ўз ичига олган гаровдагиларни озод қилиш, уруш ва Ғазодаги азоб-уқубатларни тугатиш» устувор вазифа экани таъкидланди. Ғазода ҳали 40 дан ортиқ гаровда сақланаётганлар бор, уларнинг фақат ярми тирик бўлиши тахмин қилинмоқда.