Жаҳон | 07:23 / 12.09.2025
2444
2 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари Киевга ҳарбий ёрдам янги дастури ҳақида маълум қилди

Янги дастур Украина қуролли кучлари салоҳиятини мустаҳкамлашга сармоя киритишни рағбатлантиради, деди Урсула фон дер Ляйен Европарламентда. Еврокомиссия раҳбари Украинани, жумладан, Россия маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга чақирди.

Фото: Dati Bendo/Euroopa Komisjon

Европа Комиссияси (ЕК) Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашнинг янги дастури – «Сифатли ҳарбий устунлик»ни жорий қилмоқда. Бу дастур Украина қуролли кучлари салоҳиятини мустаҳкамлашга сармоя киритишни рағбатлантиради, деди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Страсбургдаги Европарламентда сўзлаган нутқида.

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, уч ярим йилдан ортиқ вақтдан бери Россиянинг кенг кўламли ҳарбий босқинига қаршилик кўрсатиб келаётган Украина янада кенгроқ ёрдамга муҳтож. Шу билан бирга, тегишли харажатлар нафақат европалик солиқ тўловчилар томонидан қопланиши керак, деб ҳисоблайди ЕК раҳбари. «Бу Россиянинг уруши. Ва бунинг учун Россия тўлаши керак», деб таъкидлади у.

Россиянинг Европадаги музлатилган активлари ҳақидаги мунозараларни шарҳлар экан, Урсула фон дер Ляйен уларни мусодара қилиш имкониятини яна бир бор рад этди. «Активларнинг ўзи дахлсиз қолмоқда», деб таъкидлади Еврокомиссия раиси. Бунинг ўрнига, унинг сўзларига кўра, «Украинанинг ҳарбий саъй-ҳаракатларини молиялаштириш» учун Россия активларидан фойдаланиш бўйича «янги ечим»ни зудлик билан ишлаб чиқиш зарур.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид