Украина собиқ президенти ва Минтақалар партиясининг собиқ раҳбари Виктор Янукович Европа Иттифоқи томонидан ўзига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш учун ўн йил давом этган ҳуқуқий курашда ютқазди. Европа Иттифоқи суди таркибига кирувчи ЕИ бош суди 18 саҳифалик қарорда Януковичнинг шикоятини рад этди.
Янукович 2010 йилдан 2014 йилгача Украина давлати раҳбари лавозимини эгаллаган ва Евромайдон воқеаларидан кейин Россияга қочиб кетган. Унга илк бор 2014 йилда Европа мамлакатларига кириш тақиқланган ва Европадаги активлари музлатилган пайтда Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган. 2022 йилда, Россиянинг Украинага қуролли босқинидан сўнг, чекловлар кенгайтирилди. Янукович ўз позициясини санкциялар жорий этилган вақтда Украинада унга қарши жиноят ишлари гўёки очилмагани, Брюсселда эса «аниқ далиллар йўқлиги» билан изоҳлади.
Европа судялари Виктор Януковичнинг президент сифатидаги хатти-ҳаракатлари «мамлакатни беқарорлаштиришга аниқ ҳисса қўшганини» ва шу уни санкция рўйхатига киритиш учун қонуний асос бўлганини таъкидлади. Қолаверса, у Москвага қочганидан кейин ҳам Россия расмийларидан узоқлашмаган.











