Шомуродовда дебют гол, «Реал»да қийин ғалаба. Кун ўйинлари
|18:35 / 14.09.202515 64722 мин
«Арсенал» йирик ғалаба билан биринчи ўринга қайтди, «Челси» сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарди, «Реал» бир киши кам бўлиб ўйнаб, ғалаба қозонди, «Ювентус» ва «Интер» ўйинида 7 та гол урилди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Ангелос Постекоглунинг «Ноттингҳэм» бош мураббийи сифатидаги илк ўйини «Арсенал» майдонидаги йирик мағлубият билан якунланди, «канонирлар» биринчи голни ўз анъанасига кўра стандарт вазиятдан киритди. Тўп жарима майдони ичидан қайтиб чиққанида Субименди ҳужумни иккинчи темпда давом эттириб, тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўналтирди. Лондонликлар сафида бу вақтгача жамоа сардори Эдегор жароҳат олиб майдондан чиққанди.
Иккинчи бўлимда ҳам жамоанинг ёзда харид қилган янги футболчилари асосий ишни бажаришди. Эзе Калафиорининг анча орқадан узатган узатмасидан кейин чап қанотда олдинга юрди ва жарима майдонида очилган Йокерешни голли пас билан таъминлади. Субименди эса Троссарнинг узатмасидан кейин бош билан дарвозани ишғол этиб, дублни расмийлаштирди. «Ўрмончилар»да ўйинга қайтиш учун биргина вазият бўлганди, аммо ҳисоб 2:0 ҳолатида Райя Вуднинг зарбасидан кейин тўпни бармоқлари учида юқорига йўналтиришга улгурди. «Арсенал»да эса ҳисобни янада йириклаштириш учун ҳам имкониятлар бўлди, Йокерешнинг яқин масофадан йўллаган зарбаси устундан қайтди. Якунда «Арсенал» дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва «Ноттингҳэм»га қарши ўйинлардаги статистикасини яхшилади, ушбу жамоаларнинг сўнгги етти ўзаро ўйинида жами 22-2 ҳисоби қайд этилган. Бу ғалабадан кейин лондонликлар ҳозирча 9 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринга чиқди.
«Нюкасл»нинг ўтган мавсумдаги асосий тўпурари Александр Исак ёзги трансферлар вақтида «Ливерпул» сафига ўтиш учун исён кўтариб, ўйинларда қатнашмаганида жамоа учта ўйиндан иккитасида гол уролмади. Аммо «қарғалар» қочқин швед ўрнига янги ҳужумчи топишди ва у билан янги ҳаёт бошланди. «Штутгарт»дан катта пулга олиб келинган ёш ҳужумчи Ник Волтемаде эса илк ўйинидаёқ ғалаба голини урди. Германия миллий жамоаси форварди шу ўйинда яккакурашларда энг кўп устун келган (8) футболчига айланди. Бундан ташқари, Волтемаде — АПЛдаги дебютида гол урган учинчи немис футболчиси бўлди (Юрген Клинсманн ва Гундўғандан кейин). Шу билан бирга, Эдди Ҳау шогирдларига бу турда анча осон рақиб дуч келганди – «Вулверҳэмптон» 127 йиллик тарихида илк бор мавсумни қаторасига тўрт мағлубият билан бошлади.
Ўтган турда мавсумда илк бор очко йўқотган «Тоттенҳэм» «Вест Ҳэм»га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Кўп йиллик мураббий Дэвид Мойесга жавоб берилиб, Ҳулен Лопетеги қўлига ўтганидан кейин инқироз кўчасига кириб қолган «болғачилар» Грэм Поттер бошқарувида ҳам ўзига кела олмаяпти. Дастлабки икки турда дебютант «Сандерленд» (0:3) ва «Челси»га (1:5) йирик ҳисобларда ютқазган жамоа халқаро ўйинлар учун танаффус бошланиши арафасида «Ноттингҳэм»ни мағлуб этиб, мухлисларида умид уйғотганди. Аммо «шпорлар»га қарши ўйин ҳам йирик ҳисобдаги мағлубият билан якунланди. Мезбонлар биринчи бўлимда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди, аммо иккинчи бўлим бошида меҳмонларнинг янги футболчиси Симонс бурчакдан узатган тўпни Сарр дарвоза тўрига йўллади, 54-дақиқада Соучек майдондан четлатилгач эса ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Бергвал аввалига ўз номини таблога ёздириб қўйди, кейин эса ван де Веннинг голига ҳаммуаллифлик қилди.
Тиғиз тақвим туфайли ротацияга қўл урган «Челси»да (Палмер, Кукуреля, Жеймс, Эстевао каби асосий таркиб футболчилари захирада қолдирилганди) биринчи бўлимда жиддий муаммолар кузатилди. Шаде аввалига биринчи имкониятдан фойдалана олмаганди, лекин ушбу ҳужумчи Ҳендерсоннинг майдоннинг иккинчи қисмидан узатган пасига етиб борди ва жарима майдонига кирмасдан зарба йўллади, тўп ҳимоячига тегиб йўналишини ўзгартириши Санчесни иложсиз аҳволда қолдирди. Иккинчи бўлимда эса жароҳатдан тузалиб қайтган Палмернинг тушиши ўйинни ўзгартирди, у жарима майдони марказидан аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Кейин Коулда гол уриш учун яна бир имконият пайдо бўлди, аммо «Брентфорд» дарвозабони Келлеҳер бурчакка бораётган тўпга улгуриб, жамоасини қутқарди. 85-дақиқада эса ушбу дарвозабон Кайседонинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбасига чора топа олмади ва меҳмонлар буни ғалаба голини ургандек нишонлашди. Аммо «асаларилар» мағлубиятга кўнмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Шаде аутдан тўпни жарима майдони ичига етказиб бериши Фабиу Карвалио бўш дарвозани ишғол этиши билан якунланди. Португалиялик ушбу футболчи жамоасининг «саҳрли таёқчаси»га айланиб бормоқда — у АПЛда ушбу жамоа сафидаги тўрт голини ҳам 89-дақиқадан кейин урган. «Челси» эса турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиш имкониятидан фойдалана олмади –Мареска шогирдлари икки ғалаба ва икки дуранг билан 8 очко жамғариб, бешинчи ўринда бормоқда.
«Реал» 32-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолди, аммо якунда ғалабага эришди. Арбитр Ҳаусенни Ойярсабалга нисбатан «сўнгги умид фоли» учун майдондан четлатди ва бу эпизод ўйиндан кейин ҳам муҳокама қилинмоқда. Ҳаби Алонсо реферининг аргументлари унга ишончли кўринмаганини айтди. Шу билан бирга, Ҳаусен зарур бўлмаган ҳолатда фол ишлатганини тан олди, шунингдек, ўн киши бўлиб қолгач, жамоа янада жипслашганини қайд этди.
Мадридликлар ўн киши ҳолатида ҳам ҳисобдаги устунлигини мустаҳкамлай олди, таркиблар тенг ҳолатида ҳисобни очган Мбаппе эса ўз номига голли узатма ҳам ёзиб қўйди. У рақиб жарима майдони ичида фантастик ҳаракатлари билан бир неча ҳимоячини ортда қолдириб, Арда Гулернинг ғалаба голини уришида асосий ишни бажарди. Иккинчи бўлимда эса «Реал» асосан ҳимояланди, мезбонларнинг босими эса Карваҳал жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаши ва Куртуа қўриқлаган дарвозага пеналти белгиланишига олиб келди. Оярсабал 56-дақиқада 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этди. «Соседад» штурм уюштиришда давом этди, Оярсабал дублга яқин келди, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Куртуа қайтариб қолди. Икки ҳолатда дарвоза устунлари меҳмонлар жонига ора кирди. Якунда мадридликлар ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва 12 очко билан турнир жадвалида яккапешқадамга айланди, рақобатчилардан бири «Атлетик» бу турда ўз уйида «Алавес»га сенсацион тарзда ютқазди (0:1). Яна бир рақобатчи «Барселона» эса тур ўйинини бугун «Валенсия»га қарши ўтказади, аммо бу ўйинда каталонияликларга Ламин Ямал ёрдам бера олмайди, у жароҳат туфайли бир неча ҳафта ўйнай олмаслиги мумкин.
Диего Симеоне жамоаси узоқ кутилган ғалабага эришди ва бу ғалаба ноқулай рақибга қарши ўйинда рўй берди. «Вилярреал» «Атлетико»га қарши сўнгги 11 сафар ўйинидан саккизтасидан очко олиб қайтганди. Аммо бу сафар «сариқ субмариналар» мадридликлар прессингига дош бера олишмади, Ҳулиан Алварес эса товондаги узатмаси билан Барриосни бўш дарвоза қаршисига чиқарди, кейин эса «матрасчилар» сафида аргентиналиклар колониясини тўлдирган Нико Гонсалес иккинчи голни урди. Шу ёзда «Ювентус»дан трансфер қилинган футболчи ўзига хос бўлмаган тарзда Лиорентенинг узатмасини бош билан дарвозага йўллади.
Шанба кунги «Италия дербиси» шиддатли ва қизиқарли ўтишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, чунки 1974 йилдан буён илк бор «Ювентус» ва «Интер»ни катеначчога содиқ маҳаллий мутахассислар эмас, хорижлик мураббийлар бошқармоқда — хорватиялик Игор Тюдор ва руминиялик Кристиан Киву. Шу билан бирга, уларнинг иккиси ҳам Италияга бегона эмас. Футболчи сифатида улар ҳозирда ўз бошқарувидаги жамоаларда тўп суришган ва мураббийлик карьерасини ҳам Апеннин яриморолларида қуришган. Тюдор ўз вақтида «Юве»да Андреа Пирлога ассистентлик қилган, Киву эса «Интер»нинг тўрт ёш тоифасидаги ўсмирлар жамоаларини бошқарган.
Бу одамларга бянконерилар ва нерадзуррилар тўқнашуви нақадар принципиаллигини тушунтиришга ортиқча ҳожат йўқ ва шанба куни уларнинг шогирдлари ажойиб драматик баҳс намойиш этиб беришди ва ўтган йилги 4:4 ҳисобини барчанинг ёдига солиб қўйишди. Мухлислар бу сафар битта камроқ гол кўришди, аммо шусиз ҳам ўйин дам олиш кунларининг энг ёрқин ўйини бўлди. Дастлаб мезбонлар ҳимоячиси Келли жарима майдони марказида туриб қуйи бурчакка аниқ зарба йўллади. У «Италия дербиси»да гол урган иккинчи инглиз футболчисига айланди. Охирги марта бунақаси 1961/62 йиллар мавсумида кузатилганди. Кейин эса турклар катта саҳнага чиқишди. Ҳоқон Чалхонўғли икки бор ўз услубида зарба йўллаб, дарвоза тўрини ишғол этди. Кенан Йилдиз ҳам узоқ масофадан зарба йўллаб жавоб қайтарди, шунингдек 82-дақиқасида акасининг голига жавоб қайтариб, ҳисобни тенглаштирган Кефрен Тюрамга ассистентлик қилди.
Бу голдан кейин Туриндаги стадион таблосида 3:3 рақамлари порлай бошлади, трансляция режиссёри эса ўйинни мамнун кузатаётган Лилиан Тюрамни кўрсатди. Икки ўғли ҳам дербида гол уришди — уларнинг таниқли отасига яна нима керак? Аммо барчаси қўшимча дақиқаларда ўзгариб кетди, шу куни захирадан тушиб, А серияда дебют қилган черногориялик Аджич олис масофадан ақл бовар қилмас зарба йўллади ва тўп Зоммернинг қўллари орасидан ўтиб, юқори бурчакка учиб борди. «Юве» стартдаги уч турда уч ғалабага эришди, «Интер» эса атиги уч очко билан кифояланишга мажбур, оқшомнинг кутилмаган қаҳрамони эса бянконерилар тарихида миланликлар дарвозасига гол урган энг ёш футболчига айланди (19 ёшу 124 кун).
АПЛда ишлари юришмаган Ҳойлунд ўзи учун қадрдон бўлган Италия чемпионатига қайтди ва «Наполи» сафидаги илк ўйинидаёқ гол урди. «МЮ»да кўплаб вазиятлардан фойдалана олмасдан, мураббийлар ишончидан чиқиб қолган даниялик форвард Спинаццоланинг пасидан кейин ҳимоячилардан осонлик билан қочиб кетиб, тўпни бурчакка аниқ йўллади. 14-дақиқадаги бу гол амалдаги чемпионлар учун иккинчиси эди, бундан олдинроқ АПЛдан келган бошқа бир футболчи Де Брюйне пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очганди. Стефано Пиоли бош мураббийликка қайтганидан кейин А сериянинг янги мавсумини муваффақиятсиз бошлаган ва бирорта ғалабага эриша олмаган «Фиорентина» фақат ўйин охирларига келиб ягона жавоб голини урди. «Наполи» худди «Ювентус» каби йўқотишсиз кетмоқда, Антонио Конте эса Италия чемпионатида рекорд ўрнатди. У 244 ўйин ўтказиб, барчадан тезроқ 550 очко жамғарган мутахассисга айланди.
Биринчи бўлимнинг биринчи ярмидаёқ майдондан четлатилган Зивзивадзе «Боруссия»нинг ишини енгиллаштириб кетди, у марказий зона атрофида эҳтиётсизлик билан подкат қилди ва «Ҳайденҳайм» 22-дақиқадаёқ озчилик бўлиб қолди. «Асаларилар» эса бўлимнинг қолган вақтида икки бор мезбонлар дарвозасини ишғол этишди. Гирасси Рюэрсоннинг узатмасидан кейин бош билан аниқ зарба йўллаб, бундеслигада қаторасига саккизинчи ўйинда гол уриб, серияни давом эттирди. Турнир тарихида легионер футболчилар орасида бундан муваффақиятли серия билан фақат Левандовски (15 гол) ва Обамеянг (10) мақтана олиши мумкин. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Адейемининг узатмасидан кейин ҳимоячилардан қочиб кетган Байер бўш дарвозани ишғол этди ва ўйин тақдирини амалда ҳал қилди.
«Бавария»нинг навбатдаги қурбони бу йил бундеслигага қайтган «Ҳамбург» бўлди, ўйиннинг ярим соати ўтмасдан мезбонлар тўртинчи голни уришди. Стадионга йиғилган мухлислар 3-дақиқадаёқ Гнабрининг ўткир бурчакдан туриб тўсин остига йўллаган зарбасидан баҳраманд бўлишганди. Бир неча дақиқа ўтиб мюнхенликлар рақиб ҳимоячиларини ёш болалар ҳолига солишди ва бу ҳужумни Павлович якунлаб берди. Шундан кейин ўйиндаги интрига мезбонлар яна қанча гол уришида қолганди. Кейн бу сафар дублни нишонлади, Диас эса рикошет ёрдамида навбатдаги голини уриб, клуб рекордини такрорлади. Германия чемпионатида «Бавария» сафида унгача фақат Руджеро Риццителли (1996 йил), Лука Тони (2007) ва Марио Манджукич (2012) дастлабки уч ўйинда гол уришган.
«Монако» бош мураббийи Ади Ҳюттер ФИФА кунларидан кейинги ўйин учун жиддий ротация амалга оширди ва ўйинни Кайя Энрике, Дайер, Головин ва Ламин Камар каби бир қатор етакчиларсиз бошлади. Япониялик Минаминода эса терма жамоалар ўйинларидан кейин тикланиш учун ноёб қобилият борлиги аниқ. Бир сафар у терма жамоа ихтиёридан қайтганининг иккинчи кунида майдонга тушганди, бу сафар у Япония билан АҚШга сафар қилганига қарамай (АҚШ ва Мексикага қарши ўйинлар учун), тетик ҳолатда эди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда айнан у ҳисобни очди, аммо бу осон ғалабани кафолатламади. Қолаверса, Казимирнинг иккинчи сариқ карточкаси туфайли камчилик бўлиб қолган бўлса-да «Осер» ҳисобни қисқартирди. Салисунинг автоголи ортидан яна бир бор омад монегаскликлардан юз ўгирди ва Керер қулай вазиятдан йўллаган зарбаси тўсинга борди. Бироқ якунда қизил-оқлар сафида захирадан тушган Иленихеня ғалаба голини уриб кетди.