Бизнес | 14:41 / 18.09.2025
1856
2 дақиқада ўқилади

Toyota АҚШдаги ярим миллиондан ортиқ машиналарини чақириб оладиган бўлди

Гигант япон автомобилсозлик компанияси 591 000 дан ортиқ автомобилларини асбоблар панелидаги муаммо туфайли чақириб олади. Компанияга кўра, панеллар дисплейдаги муҳим маълумотларни кўрсатмаяпти ва бу инсонлар ҳаётини хавфга қўяди.

Фото: Los Angeles Times

Toyota АҚШдаги 591 377 та автомобилларда асбоблар панели дисплейидаги муҳим маълумотларни кўрсатмайдиган муаммони аниқлаган. Бунинг оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши, одамлар жароҳат олиши мумкин. Муаммо хавф даражасини оширади, деди компания 18 сентябр кунги баёнотида.

Қайтариб олиш Venza, Highlander, Lexus, Tacoma ва GR Corolla каби бир нечта моделларни қамраб олади.

Компаниянинг қўшимча қилишича, автомобилни ишга тушириш вақтида асбоблар панелидаги дастурий хатолик туфайли машинанинг тезлиги, тормоз тизими ва шиналар босими ҳақида огоҳлантириш чироқлари кўринмай қолиш хавфи бор.

Эслатиб ўтамиз, Toyota АҚШда ўз ишлаб чиқариш заводларига эга ҳамда компания берган статистикага кўра, 2024 йилда бу давлатда Toyota 2 332 623 дона автомобил сотган. Бу 2023 йилга қараганда 3.7 фоизга, кунлик савдо таққосланса 3,1 фоизга кўп дегани.

“Бизнинг кўп йўналишли қувват узатиш ёндашувимиз мижозларимизнинг турмуш тарзи ва бюджетларига мос келмоқда”, - дейди Toyota’нинг Шимолий Америка минтақаси учун заводнинг ижрочи вице-президенти Жек Ҳоллис.

Компания бу минтақада 65 йилдан бери маҳсулот сотиб келади ва юқори обрўга эга.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид