Жаҳон | 15:58 / 24.09.2025
1772
2 дақиқада ўқилади

НАТО ҳаво ҳимояси бўйича барча зарур воситаларни қўллашга ваъда берди

Шимолий Атлантика кенгаши Брюсселдаги йиғилиши якунлари бўйича НАТО давлатлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан фойдаланган ҳолда ўз ҳудудларини қатъий ҳимоя қилишини билдирди.

Фото: AFP / JACK GUEZ

23 сентябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилиш якунлари бўйича НАТОнинг асосий сиёсий қарор қабул қилувчи органи бўлмиш Шимолий Атлантика кенгаши: «Россия ҳеч қандай шубҳасиз бир нарсани билиши керак: НАТО халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ва барча йўналишдаги таҳдидлар олдини олиш учун барча зарур ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан фойдаланади», дея маълум қилди. Dpa'нинг қайд этишича, ҳужжатда алянс ҳудудида ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш учун нафақат дронлар, балки Россия самолётлари ҳам уриб туширилиши мумкинлиги яна бир бор таъкидланган.

НАТО Россия ҳужумларига «қатъий» жавоб беради, деб ваъда қилди иттифоқчиларнинг Европадаги бирлашган кучлари қўмондони, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-лейтенанти Алексус Гринкевич. Унинг таъкидлашича, иттифоқчилар «Россиянинг бу ва бошқа масъулиятсиз ҳаракатлари туфайли Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли мажбуриятларидан воз кечмайди».

Россиянинг сўнгги пайтларда НАТО ҳаво ҳудудига бостириб кириши «Россиянинг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари кенгроқ намунаси»нинг бир қисмидир, дея таъкидлади алянс Москвани бундай ҳаракатларни тўхтатишга чақириб. Бундай ҳаракатлар «эскалация, нотўғри ҳисоблаш хавфини келтириб чиқаради ва ҳаётга хавф туғдиради», дея қўшимча қилинди НАТОда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид