Ўзбекистон | 10:04 / 25.09.2025
4400
3 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева: икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда

Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясининг олий даражадаги ҳафталиги доирасида «Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Зироат Мирзиёева иштирок этди.

Фото: "Zamin" халқаро жамоат фонди

«Замин» фонди васийлик кенгаши раиси иштирокчиларга мурожаат қилар экан, шундай деди: «Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур».

Тадбирда Туркия, Озарбойжон, Ангола, Ветнам, Гватемала, Сербия биринчи хонимлари, Ливан бош вазирининг рафиқаси; ЖССТ бош директори, EKOSOS президенти, Sent Jud болалар тадқиқот шифохонаси президенти, Туркия, Ангола, Арманистон, Бангладеш, Мозамбик, Доминикан Республикаси, Нигерия, Қозоғистон, Қатар, Конго Республикаси, Қирғизистон, Малта, Мўғулистон, БАА, Перу, Тожикистон, Тимор-Лесте, Тувалу, Чад, Ямайка соғлиқни сақлаш вазирлари, Венгрия, Индонезия, Россия, Танзания соғлиқни сақлаш тузилмалари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари, оғир касалликларга чалинган болалар иштирок этди. Улар орасида «Меҳрли мактаб» мактабининг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди.

Иштирокчилар адолатли, интеграциялашган ва маҳаллий ресурсларга асосланган соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлик кўрсаткичини 60 фоизга етказиш борасидаги қатъий интилишларини тасдиқлади. Шунингдек, болаларда саратон касалликларини даволашдаги ютуқларни қўллаб-қувватлаш ва ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши глобал ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон биринчи хоними, «Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Ню-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори доктор Тедрос Гебрейесус билан ҳам учрашув ўтказди.

Зироат Мирзиёева ЖССТ раҳбарига ташкилотнинг дунёда тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси, Ўзбекистон болалари саратонга қарши дори воситаларидан баҳраманд бўлишини таъминлаш бўйича глобал платформани қўллаб-қувватлагани ва кенгайтиргани учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, хусусан, болалар саратонини эрта аниқлаш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, онкология ва гематология соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, болалар ва уларнинг оилаларига реабилитация ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

ЖССТ раҳбари Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларига ҳамда муҳим ижтимоий ва экологик лойиҳаларни амалга ошираётган «Замин» фонди фаолиятига юксак баҳо берди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид