Тошкентдаги дўконлар ва дорихоналарга шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти огоҳлантириш хатларини юбора бошлади.
Департамент дўконнинг номи ёзилган пешлавҳаларни ташқи реклама деб баҳолаяпти. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида назарда тутилган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.
Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳокимият департаментининг 23 сентябр кунги хатида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига таянган ҳолда, паспортсиз ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектлари ваколатли орган қарорига мувофиқ демонтаж қилиниши кўрсатилган.
Шунингдек, идора Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарорини ҳам эслатган. Унда хусусийлаштирилган, ижарага берилган ёки нодавлат ташкилотларга тегишли бўлмаган ер участкалари, шунингдек, хусусий мулк бўлган биноларда ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун реклама жойи паспорти Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилиши лозимлиги белгиланган.
“Бино кириш қисмида реклама (дўкон номи назарда тутилмоқда – таҳр.) сабабли фаолиятингизни тўхтатиб, ташқи реклама объектларини 3 кун ичида демонтаж қилишингиз ва амалга оширилган ишлар ҳақида расмий ахборот тақдим этишингиз сўралади”, – дейилади хатда.
Тадбиркорларнинг Kun.uz'га айтишича, бу талаб “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби бренд номини кўрсатмайдиган пешлавҳаларга ҳам қўлланяпти.
“Sevaras” кийим дўкони асосчиси Севара Салимова Instagram'даги саҳифасида у билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилганини айтган.
“Ҳокимиятдан 2 киши келиб, огоҳлантириб кетди. Мана бу Sevaras ёзувини ташқи реклама деб баҳолаб, пул тўлашимиз кераклигини айтишди. Яъни мен логотипим, номимни қўйганим учун ҳар бир квадрат метрга давлатга пул тўлашим керак. “Минималка” 1 квадрат метр экан, ундан ошганига 60 минг сўмдан ҳар ой тўлов қилишим керак экан.
















