Ўзбекистон | 17:33 / 03.10.2025
34943
2 дақиқада ўқилади

1 ноябрдан бошлаб автомобилга газбаллон ўрнатилганидан кейин техпаспорт алмаштирилмайди

Президент қарорига биноан, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб автомобилга газбаллони ўрнатилгани ҳақидаги маълумот электрон шаклга ўтказилади ва шу санадан бошлаб техпаспортни қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

1 ноябрдан бошлаб автомобилга газбаллони ўрнатилганда техпаспортни алмаштириш шарт бўлмайди. Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, бу – 16 сентябр куни имзоланган президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан эътиборан транспорт воситасига газбаллони ўрнатилганига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта газ қуйиш шохобчаларида UGaz тизими ишга туширилгани хабар қилинганди. Бу тизим автомобил газ қуйиш шохобчасига кирганда унинг техник кўрикдан ўтганини автоматик тарзда текширади ва агар техник кўрик муддати тугаган бўлса, операторга хабар берилади.

Шунингдек, агар ёқилғи тури мос келмаса ёки баллон рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, тизим бу ҳақда ҳам операторни шу жойнинг ўзида огоҳлантиради.

Бундан ташқари, шу йил август ойида автомобилга газбаллон ўрнатиш учун рухсатномани олиш осонлашгани маълум қилинган. Энди фақатгина my.gov.uz портали орқали онлайн ариза юбориш кифоя: қолган ишларни ЙҲХХ ходимлари амалга оширади. Ариза 10 кун ичида кўриб чиқилиб, натижаси шахсий кабинетга юборилади. Хизмат нархи – 0,3 БҲМ (123 600 сўм).

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид