Марказий банк сентябр ойидаги сўровлар натижасига кўра аҳолининг инфляцион кутилмалари ҳисоботини тақдим этди. Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорлар орасида нархлар бўйича кутилмалар сентябр ойида бироз пасайган, бироқ иқтисодий субъектлар учун бир қанча ташқи ва ички босим манбалари сақланиб қолмоқда.

Инфляцион кутилмалар

Сентябр ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 12 фоиз даражасида қайд этилди – аввалги ойларга нисбатан 0,2 фоиз бандга пасайиш кузатилди. Ушбу ўлчов жами 3 420 респондент фикри асосида аниқланган.

Тадбиркорлик субъектлари орасида инфляцион кутилмалар 11,7 фоизни ташкил этди, бу эса ўтган ойга нисбатан 0,1 бандга пасайишдир.

Инфляцион кутилмаларнинг омиллари

Ўзбекистонликлар фикрича, кейинги бир йилда нархларнинг ошишига энг кўп сабаб бўлиши мумкин бўлган омил – бу коммунал хизматларнинг қимматлашиши. Респондентларнинг 46 фоизи ана шундан хавотирда.

Сўровда қатнашган аҳоли вакилларининг 41 фоизи ёқилғи ва энергия нархларининг ўсишини кутмоқда. Респондентларнинг ҳар тўрт нафаридан бирининг фикрича, кейинги 12 ойда иш ҳақи ва нафақалар ошиши, транспорт харажатларининг ортиши ва асосий озиқ-овқатлар қимматлашиши – инфляциянинг асосий омилларидан бири бўлади.

Бизнес эса асосан коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари нархи энг кўп ошишини тахмин қиляпти. Ҳар ўнта тадбиркордан тўрт нафари шундай кутилмага эга.

Ҳудудий ва соҳалар кесимидаги тафовутлар

Инфляцион кутилмалар ҳудудлар кесимида анча фарқланади. Аҳоли орасида энг юқори кўрсаткич Сирдарё вилоятида (12,7 фоиз), энг паст кўрсаткич эса Бухоро вилоятида (10,5 фоиз) кузатилган.

Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги тадбиркорлар орасида инфляцион кутилмалар 13 фоиздан баланд. Қорақалпоғистондаги бизнес 10,3 фоиз, Қашқадарёдаги тадбиркорлар 10,4 фоизлик инфляция кутилмаларига эга.

Соҳалар кесимида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчилар нархлар ўсишини пастроқ баҳолаган бўлса, ахборот технологиялари ва ОАВ соҳасидаги респондентлар орасида кутилмалар юқорироқ.