Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланган Гулираъно Қосимова иши доирасида суд жараёнлари бошланди. Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Kun.uz мухбири суд мажлисида иштирок этиб, репортаж тайёрлади.
8 октябр куни жиноят ишлари бўйича Қува туман судида Фурқат тумани ИИБнинг собиқ амалдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида суд мажлиси бўлиб ўтди. Жиноят иши ЖИБ Қува тумани суди раиси Авазбек Раҳимов раислигида кўриб чиқилмоқда. Очиқ суд мажлисида аудио ва видеога олишга рухсат берилмади.
Суд мажлисида Қува тумани прокурори катта ёрдамчиси Аюбхон Умаралиев томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Жабрланувчининг кўрсатувлари тингланди.
Суд жараёнидан сўнг Гулираъно Қосимова ҳамда уни ҳимоя қилаётган адвокат Абдуқаҳҳор Маҳмудов Kun.uz’га интервю берди.
Гулираъно Қосимова суддан адолат кутаётганини, бошига тушган мусибатларни ҳатто душманига ҳам раво кўрмаслигини таъкидлаб ўтди. Аёлга кўра, у ушбу ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган.
“Суддан фақат адолат кутяпман. Бошимга тушган мусибатлардан кейин жамиятимизда аёл киши шунчалик таҳқирланиши мумкинми, деб ўзимга ўзим кўп маротаба савол бердим. Аллоҳга шукр, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан адолат борлигини ҳис қилдим. Ҳолатга Парламентимиз, Сенатимиз эътибор қаратди. Бунинг учун шу жараёнга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Фақатгина адолат учун курашмоқчиман. Ҳеч қайси аёл ноҳақликдан додлаб йиғламасин, тунлари Худога илтижо қилмасин, юзи шувут бўлмасин, ҳеч кимнинг оиласи бузилмасин.

Нима учун халққа мурожаат қилдим? Нима учун оммага юзимни кўрсатиб чиқдим? Чунки ишонаманки, давлатимизда адолат қарор топади, бунга умид қиламан. Ва мана шу суд жараёнлари ҳам одил ўтишини истайман. Ҳозир суд жараёни кетаётгани сабабли кўплаб далилларни ошкор қилмаяпман. Лекин суд якунидан кейин ҳар битта далилни оммага тақдим этаман.
Бошимга мусибатлар тушгач, адолат излаб кўп марта Тошкентга қатнадим. Пойтахтга бориб республика бош прокурори билан кўришолмай келдим. Ички ишлар бошқармаси бошлиғига ҳам мурожаат қилганман. Лекин натижа бўлмаган. Kun.uz таҳририятига раҳмат айтаман. Видеоматериал сабабли энди менинг додимни ҳамма эшитди




