Россиянинг Архангелск шаҳрида Ўзбекистон фуқароси қурилиш объектининг 5-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси хабар қилди.

Консулхона Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Архангелск областидаги ваколатхонасига нота юбориб, ҳолат бўйича маълумот олган.

Қайд этилишича, ҳалокат 1 октябр куни рўй берган, унинг қурбони 2003 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган Н.С.

«Дастлабки маълумотларга кўра, ишчи қурилаётган бинонинг ташқи томонидан қурилиш асбобларини 5-қаватдан 6-қаватга кўтараётган бўлган. У мувозанатини йўқотиб, 5-қаватдан бетон плитага қулаган», дейилади Россия Давлат меҳнат инспекцияси хабарида.

Ҳолат юзасидан Архангелск шаҳри Соломбал округи тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 216-моддаси 2-қисми билан (Қурилиш ёки бошқа ишларни бажаришда хавфсизлик қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.