Жаҳон | 12:34 / 10.10.2025
1709
2 дақиқада ўқилади

ЕК Венгриянинг ЕИ институтларида жосуслиги ҳақидаги хабарларни текширмоқда

Журналистик суриштирувга кўра, Венгрия ташқи разведка хизмати Брюсселда Европа Иттифоқи институтларига қарши разведка фаолиятини олиб бориш учун жосуслик тармоғини яратган. Венгриялик еврокомиссар Вархейи бу тармоқдан хабардор бўлиши мумкин.

Фото: Yves Herman/REUTERS/REUTERS

Еврокомиссия Венгрия разведка хизматларини Европа оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларга асосланиб, Европа Иттифоқи институтларига қарши жосусликда гумон қилмоқда ва ички текширув ўтказиш учун махсус гуруҳ тузмоқда. Бу ҳақда 9 октябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Еврокомиссия вакили Балаж Уйвари маълум қилди. Жамоа Венгрия ташқи разведка хизмати Ахборот идораси агентлари Европа Иттифоқи ҳукумат органлари таркибида бор ёки йўқлигини текширади.

Худди шундай тергов Европа парламентида ҳам бошланади. Белгиянинг собиқ бош вазири ва амалдаги парламент депутати, социалистлар вакили Элио Ди Рупо шундай ташаббус билан чиқди.

Можаронинг ўзи учта оммавий ахборот воситаси — Германиянинг Der Spiegel журнали, Австриянинг Der Standart газетаси ва Белгиянинг фламанд тилидаги De Tijd ишбилармонлик нашри, шунингдек, Венгриянинг Direkt 36 нотижорат ташкилоти бир неча ой давом этган журналистик суриштирув натижаларини эълон қилганидан кейин авж олди. У шуни кўрсатадики, 2015 йилдан 2017 йилгача Европа Иттифоқи қарорларини қабул қилувчи органларга тайинланган камида бир неча венгер дипломатлари ўз мақомига мос келмайдиган фаолият билан шуғулланган.

Суриштирувда айтилишича, Венгрия разведка идоралари дипломатик ниқоб остида Европа Иттифоқи институтларига қарши разведка фаолиятини олиб бориш ва уларга кириб бориш учун Брюсселда жосуслик тармоғини яратган. Оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Европа комиссиясининг хавфсизлик хизмати таркибида камида битта Венгрия разведкаси агенти бўлгани даъво қилинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид