Фарғона вилоятининг Қува туманида 3-синф ўқувчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Bu kun” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ Қува тумани ҳудудидан ўтган Д-105 автомобил йўлининг 182-километрида соат 7:30 атрофида содир бўлган. Мактабга кетаётган 9 ёшли бола пиёдалар йўлагидан ўтаётган вақтида уни 21 ёшли ҳайдовчи Damas машинасида уриб юборган.

Бола биринчи ёрдам кўрсатиш учун туман марказий шифохонасига юборилган. Бироқ кўрилган муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.

“Йўл чеккасидан кетаётгандим. Кейин буёққа ўтдим. Ўтиб кетаётганимда бир машина бу томондан бурилаётган эди. Ана шу машинага қараб пешеходга қарамай қолдим. Кейин битта бола югуриб чиқиб қолди, уриб юбордим. Тезлигим 40-50 км/соат атрофида эди”, деган ҳайдовчи.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Олдинроқ Қашқадарёда ўқувчи болани Damas босиб кетишига сал қолганди.