Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Россия–Украина урушининг боришидаги сўнгги тенденциялар юзасидан мунозарага киришди.

Анвар Йўлдошев: Ҳозир фронт чизиғи тахминан 1 200 километрга чўзилган ва иккала томондан ҳам ҳужумлар давом этмоқда. Айрим ҳудудларда Украина Россия эгаллаб олган ҳудудларини қайтариб олишга уриняпти. Россия эса Харков томонида олдинга юришга интиляпти. Умуман олганда, катта силжишлар йўқ, фронт нисбатан барқарор қолмоқда.

Ҳар икки томон ҳам ютуқларни даъво қиляпти. Россия баъзи ҳудудларни эгаллаганини, Украина эса Донбасс ва бошқа жойларда кичик қишлоқларни қайтариб олганини билдиради. Ҳозирги ҳолатни умумлаштириб айтганда, 2025 йилда Россиянинг ҳозиргача эгаллаган майдони тахминан 4 900–5 000 квадрат километр атрофида экан, бироқ баъзи жойларда улар ҳудудларни қайтаришга мажбур бўлган.

Шуҳрат Расул: Халқаро урушни ўрганаётган ташкилотлар ва Украина иддаоларига кўра, 2022 йил ноябридан ҳозиргача Россия Украинадан тахминан 5 842 квадрат километр ҳудудни қўшимча равишда эгаллаган. Бу Украина умумий майдонининг 0,97 фоизига тенг. Бу ҳақда ҳатто президент Путин ҳам баёнот берди.

Энди уруш паритетли ва симметрик шаклга кирди. Бу дегани, тенг уруш кетяпти. Аввал уруш асосан Украина ҳудудига зарба бериш шаклида бир томонлама кетаётган эди, ҳозир эса иккала томондан ҳам бир-бирига тенг жавоб бериш имконияти пайдо бўлмоқда. Украина ҳам Россияга нисбатан тенг даражада зарба бериш имкониятига эга бўляпти. Украинанинг узоқ масофага учувчи дронлари ҳамда ракеталари сони ва имкониятлари кундан кунга ошмоқда.

Бу фақатгина АҚШ бериши кутилаётган “Tomahawk” ракеталари масаласи эмас, ҳамкорлар томонидан бошқа турдаги ҳарбий ёрдам ҳам юбориляпти. Бу қуролларнинг етказилиши Украина томонига сифат жиҳатидан Россияга нисбатан тенг курашиш имконини беради, яъни уруш паритетли ва симметрик характер касб этмоқда.

Уруш давомида Россия Украинадаги коммуникация марказлари, энергетика инфратузилмаси ва иқтисодий объектларга зарба бериб, катта зарар етказган эди, эндиликда Украина ҳам шунга муносиб жавоб бера олиш кучига эга бўляпти. Мисол тариқасида, ҳозирда Украина ўзида мавжуд дронлардан фойдаланиб, Россиянинг айрим нефт корхоналарига жиддий зарба берганини қайд этиш мумкин. Бу имкониятлар ва зарбаларнинг кучи кейинги даврларда янада ошиши кутилмоқда. Натижада агар уруш давом этса, фақат Россиянинг ҳужумларига асосланган фаза ортда қолиб, рақобат ва ўзаро зарбалар билан характерланган янги босқич, яъни қисман паритетли ва симметрик уруш босқичи кучайиши эҳтимолдан йироқ эмас.