Ўзбекистон | 13:46 / 14.10.2025
1837
2 дақиқада ўқилади

Рецепт билан бериладиган дориларнинг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилади

Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Shutterstock

Ушбу қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳа билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.

Депутат Козим Тожиев қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдирар экан, сўнгги йилларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси кўпайгани ачинарли ҳолат эканини, лекин жавобгарликни кучайтириш орқали бу масалани ечиб бўлмаслигини қайд этди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров ҳам қонун лойиҳасига муносабат билдириб, жарималарнинг икки ҳисса оширилиши билан дорихоналардаги ноқонуний савдо тўхтаб қолмаслигини таъкидлади.

Партия сайловолди дастурида соғлом ва фаол ҳаётни таъминлаш, миллат генофондини сақлаш бўйича устувор вазифалар белгилангани, шу маънода, “Миллий тикланиш” учун таълим-тарбия ишлари қанчалик муҳим бўлса, соғлиқни сақлаш масаласи ҳам шунчалик муҳим эканлиги қайд этилди.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид