New York Times газетаси бир йил муқаддам Украина президенти Володимир Зеленский АҚШдан BGM-109 Tomahawk қанотли ракеталарини сўрагани ва рад жавобини олганини ёзганди: маъмурият унинг сўровини ҳам сиёсий, ҳам объектив сабабларга кўра мутлақо нореал деб топганди.

Бир йил ўтиб, 2025 йил октябрида, АҚШ президенти очиқчасига шундай деди: «Мен у [Россия президенти Владимир Путин] билан буни гаплашишим мумкин. Унга шундай дейман: менга қара, агар бу урушни тугатиб бўлмаса, мен уларга [Украинага] Tomahawk ракеталарини юбораман».

Жо Байден маъмурияти давридан буён АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаш сиёсати Америка матбуотида «йўқ, йўқ, йўқ, ҳа» деб ном олган, бу орқали Вашингтон Киевга беришни рад этган қуроллар, эртами кечми барибир унга юборилишига ишора қилинган.

Америкаликлар Украинага Abrams танкларини беришда ҳам, F-16 қирувчилари ҳамда ATACMS оператив-тактик баллистик ракеталари етказиб берилишига рози бўлишда ҳам айнан шундай йўл тутган. Ҳар сафар қуролларни топширишдан олдин очиқ ва ёпиқ доираларда узоқ давом этган муҳокамалар бўлиб ўтган. Масалан, Abrams танклари Украина қуролли кучларига етиб келганида жуда кеч бўлганди.

Ва бу ҳолатларнинг ҳар бирида қурол-яроғлар урушда ҳал қилувчи рол ўйнай олмайдиган даражада кам берилган.

Шунга қарамай, агар Трамп маъмурияти ўзидан олдинги раҳбарларнинг сиёсатини давом эттирадиган бўлса, бир нечта «йўқ»дан сўнг Tomahawk ҳам Украина қуролли кучлари ихтиёрига етиб келишини тахмин қилиш мумкинми?

Бунинг эҳтимоли ҳали ҳам унчалик катта эмас. Бироқ, бундай қурол билан боғлиқ ҳолатда, бу эҳтимол нолга тенг эмаслигининг ўзи муҳимдир.

Денгиз ракетаси

Асосий тўсиқ – АҚШда ушбу ракеталарни учириш қурилмаларининг йўқлиги.

Яъни, BGM-109 Tomahawk – денгиз ракетаси бўлиб, у одатда кемалар ва сувости кемаларига ўрнатиладиган Mk41 вертикал учириш мосламасидан учирилади. Украина қуролли кучлари ҳарбий-денгиз кучлари бундай ракеталардан фойдаланиш учун зарур кемаларга эга эмас.

Дастлаб, 1970-йилларда ҳаво ва ердан учириш версиялари ишлаб чиқилган, аммо ҳаво версияси рақобатчисига ютқазган, ер версияси эса Ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома билан тақиқланган.