Жаҳон | 18:22 / 18.10.2025
7449
2 дақиқада ўқилади

«Буни онанг қилди» - Оқ уй матбуот котиби журналистга қўполлик қилди, Трамп унинг ёнини олди

Кэролайн Левитт матбуот анжумани чоғида журналистга қўполлик билан жавоб қайтарди. Кейинчалик, Трамп унинг «ҳеч қачон» ишдан бўшатилмаслигини айтди.

Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт 17 октябр куни HuffPost журналистининг Будапештни Трамп ва Путин учрашуви ўтказиладиган жой сифатида ким танлагани ҳақидаги саволига қўполлик билан жавоб қайтарди.

«Буни онанг қилди», деди у журналистга, шунингдек, қўшимчасига: «Ўзингизни умуман нашр деб ҳисоблашингиз кулгили. Сен ўта сўл «ёзувчисан», сени ҳеч ким жиддий қабул қилмайди, шу жумладан медиа соҳасидаги ҳамкасбларинг ҳам, шунчаки улар буни сенга айтмайди. Менга носамимий, нохолис ва аҳмоқона саволларингни ёзишни бас қил», деб таъкидлади.

Левиттга савол берган HuffPost ходими 2021 йилда номида «фойдали аҳмоқ» сўзлари бўлган Трамп ҳақидаги китобни ёзган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз самолёти бортида журналистлар билан мулоқот чоғида Левиттнинг ёнини олди. Ундан матбуот котибини алмаштириш керакми ёки йўқлиги сўралди. У «ҳеч қачон бундай бўлмайди» деган хулосага келди. Шунингдек, унинг ташқи кўриниши ҳақидаги изоҳлар билан жавоб берди. «Бу юз... ва бу лаблар, улар пулемёт каби ҳаракатланади, шундай эмасми?», деб қўшимча қилди АҚШ президенти.

Кэролайн Левитт 2024 йилда Доналд Трампнинг президентлик кампанияси матбуот котиби вазифасини бажарган. 2025 йил январида Оқ уй матбуот котиби этиб тайинланди. 28 ёшли Левитт АҚШ тарихидаги Оқ уйнинг энг ёш матбуот котиби ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид