Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа 15 октябр куни Москвага ташриф буюрди. У Россия президенти Владимир Путинни Суриядаги собиқ режим даврида тузилган барча келишувларни ҳурмат қилишига ишонтирди. Яъни, у Россия қўшинларидан Тартус ва Хмеймимдаги базаларини тарк этишни талаб қилмайди – булар Россиянинг Яқин Шарқдаги энг муҳим нуқталари ва унинг Африкадаги операциялари учун логистика марказлари ҳисобланади.

Reuters манбаларига кўра, Шаръа ёпиқ эшиклар ортида 2024 йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Россиядан бошпана олган Сурия диктатори Башар Асаднинг экстрадициясини талаб қилган. 2025 йил сентябрида Сурияда уни ҳибсга олиш учун ордер берилганди. Шаръанинг ташрифи якунлари бўйича Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди: «Асад бўйича биз бу контекстда хабар берадиган ҳеч нарса йўқ».

Россия Асаднинг асосий иттифоқчиси бўлган ва Сурияда 2011 йилда бошланган (ва ҳалигача охиригача етмаган) фуқаролар уруши пайтида унга ҳокимиятни сақлаб қолишда ёрдам берган. Диктатор тахтдан ағдарилганда эса, Россия унга сиёсий фаолиятдан воз кечиш шарти билан бошпана берди.

Башар Асад билан бирга унинг рафиқаси Асма ҳам Москвага кўчиб ўтган. Уларнинг тўнғич ўғли Ҳафиз ўз вақтида Москва давлат университетида таҳсил олган. 2024 йил кузида, отаси ҳокимиятдан четлатилишидан бироз олдин у математика бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаганди. Асаднинг яна икки фарзанди – қизи Зайн ҳамда ўғли Карим ҳам Москвада.

Асадлар оиласи «Москва-Сити»да 18 та квартирага эга. У Суриядан камида 250 миллион доллар нақд пул олиб чиқиб, Россия банкларига жойлаштирган.

Собиқ диктаторнинг укаси Моҳир Асад ҳам Москвада яшайди. Илгари у Сурия Араб армиясининг (бу Асад режимининг қуролли кучлари) 4-зирҳли дивизиясига – Сурия қўшинларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Бундан ташқари, Моҳир Асад Яқин Шарқда кенг тарқалган синтетик гиёҳванд модда – каптагонни ишлаб чиқарадиган ва сотадиган давлат наркокартелининг амалдаги раҳбари эди.

Die Zeit маълумотларига кўра, Башар Асад Москвада вақтини асосан видеоўйинлар билан ўтказади, Моҳир Асад эса Four Seasons меҳмонхонасида (собиқ «Москва» меҳмонхонаси) яшайди, у бу ерда ичиш ва чилим чекиш билан машғул.

Die Zeit нашри ҳозирда Европада яшаётган, собиқ юқори мартабали суриялик ҳарбийга таяниб ёзишича, Асад режими қулаганидан кейин Россияга 1200 га яқин собиқ суриялик зобит келган. Улар ҳам худди Асадлар оиласи сингари, Сурия собиқ режими кўп жиҳатдан таянган диний озчилик бўлмиш алавийларга мансуб.