Лойиҳа Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Аахен университет клиникаси ҳамда Швейцариянинг Globogate Concept AG компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Очилиш маросимида Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Тошкентдаги Германия элчихонаси — миссия раҳбарининг ўринбосари Клеменс Шванҳолд, Capmont GmbH компанияси бош директори Армин Веибел, Аахен университети клиникаси директори Марио Ҳобен ва бошқа хорижий меҳмонлар иштирок этишди.
Очилиш маросимида лойиҳа ҳақида батафсил маълумот ҳамда кутилаётган натижалар тақдим этилиб, академия билан танишув ташкил қилинди.
Академия Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, ўрта бўғин тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат миграцияси учун янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.
Германия тиббиёт академияси битирувчилари икки давлат томонидан тан олинадиган дипломга эга бўлиб, Германияда юқори ва барқарор маош асосида ҳамшира сифатида иш бошлаш имкониятига эга бўлади.







