Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Луврдан ўғирланган буюмларнинг қиймати маълум қилинди
Лувр музейи ўғирланган заргарлик буюмларининг қийматини 88 миллион еврога баҳолади. Париж прокурори олмос билан безатилган асарлар майдалаб ёки эритиб юборилса, бозордаги нархи тушишини айтди. «Эҳтимол, ўғрилар буни ўйлаб кўришар ва заргарлик асарларини вайрон қилишмас», - деди прокурор Лор Бекко.
Фото: Reuters
«Бу сумма, албатта, ниҳоятда ҳайратланарли. Аммо бу ўғрилик натижасида етказилган тарихий зарарни пул билан қиёслаб бўлмайди», — дея прокурор Лор Бекконинг сўзларини келтирмоқда New York Times.
Франциядаги шов-шувли ўғрилик 19 октябрь куни эрталаб содир бўлди. Ўғрилар механик нарвон ёрдамида Луврнинг иккинчи қаватига чиқиб, деразани очишган, улар музейнинг Аполлон галереясига кириб, бир неча дақиқа ичида 8 та буюмни олиб чиқиб кетди.
Ўғирланган буюмлар орасида қироллик сафир маржони, зумрад маржон ва унга мос сирғалар ҳамда Наполеон III нинг рафиқаси императрица Евгения тақиб юрган диадема ҳам бор эди.
Айни вақтда жиноятчилар ҳали топилмаган. Расмийларнинг айтишича, тергов жиноятни — уюшган ва ташкилий жиноий гуруҳ содир этган, деган тахмин асосида олиб борилмоқда. Шунингдек, Бекко хоним тергов жамоаси дастлабки 60 кишидан 100 кишигача кенгайтирилганини ҳам маълум қилди.
Мутахассислар бу турдаги ўғрилар кўпинча буюмларнинг бадиий қийматидан кўра уларни майдалаб ёки эритиб сотишга кўпроқ қизиқишади, дейди.
Прокурорнинг айтишича, ўғирланган асарларнинг умумий қийматини Лувр музейи расмийси 88 миллион еврога баҳолаган. У шунингдек, агар ўғрилар заргарлик буюмларини эритиб юборишса ёки қисмларга ажратса, бу суммага сотишнинг имкони бўлмаслигини огоҳлантирди.
«Шунинг учун, эҳтимол, улар буни ўйлаб кўришар ва заргарлик асарларини вайрон қилишмас, деган умидда қоламиз», — деди у радиога берган интервьюсида.
Унинг тушунтиришича, ўғрилар юк машинасига ўрнатилган электр нарвонни «кўчиш мақсадида фойдаланамиз» деган ёлғон билан олиб, уни текшириш учун келган шахсни қўрқитишган. Қизиқ томони, исми ошкор этилмаган ушбу шахс Париждан 35 километр шимолда жойлашган Лувр шаҳар полициясига ариза берган. «Бу, албатта, ҳайратланарли тасодиф», — деди прокурор Бекко.
Франция маданият вазирлиги маълумотига кўра, ўғирланган буюмлар суғурталанмаган — бу давлат коллекциялари учун одатий ҳол, чунки бундай суғуртанинг нархи ниҳоятда юқори. «Давлатнинг ўзи суғуртачи сифатида ҳаракат қилади, чунки «асарларга зарар етиш ҳолатлари жуда кам» ва суғурта харажатлари ҳаддан ташқари қиммат», дейди вазирлик.
Мавзуга оид
09:47 / 31.10.2025
Луврдаги ўғрилик бўйича яна беш гумондор қўлга олинди
16:17 / 26.10.2025
Францияда Луврни тунашда гумонланувчилар қўлга олинди
18:24 / 25.10.2025
Луврдаги ўғриликдан сўнг, музей хазинаси Франция банкига яширилди
15:08 / 20.10.2025