Жаҳон | 15:03 / 23.10.2025
2990
3 дақиқада ўқилади

РКН: РФда WhatsApp ва Telegram ишида чекловлар жорий этилди

Роскомнадзор сўнгги кунларда РФда кузатилган WhatsApp ва Telegram ишидаги узилишларни мессенжерлар ишидаги «қисман чекловлар» деб атади. Идора маълумотларига кўра, бу платформалар россияликларни алдаш учун «асосий сервислар»га айланган.

Фото: Getty Images

Роскомнадзор (РКН) Россияда — айниқса, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида — платформалар ишидаги узилишлар фонида WhatsApp ва Telegram мессенжерларининг иши «қисман чекланаётгани»ни маълум қилди. «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар материаллари асосида жиноятчиларга қарши курашиш учун хорижий мессенжерлар ишини қисман чеклаш чоралари кўрилмоқда», — деди назорат идораси вакиллари чоршанба, 22 октябр куни.

Идоранинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотлари ва «фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари»га кўра, Telegram ва WhatsApp россияликларни «алдаш ва пул ундириш, диверсия ва террористик фаолиятга жалб этиш» учун қўлланаётган «асосий сервислар»га айланган. «Мессенжер эгаларига қарши чоралар кўриш юзасидан бир неча бор юборилган талаблар инобатга олинмаган», — деб қўшимча қилди РКН.

Россияда хорижий мессенжерлар ишидаги муаммолар 20 октябрдан қайд этила бошлади. «Коммерсант» таъкидлашича, шу куни Россия платформалари — Max ва «VK Қўнғироқлар»да ҳам узилишлар кузатилган.

21 октябр куни Telegram ва WhatsApp ишидаги узилишлар мамлакат жанубида икки марта қайд этилди — хусусан Краснодар ва Ставропол ўлкалари, Адигея, Ростов ва Астрахан вилоятларида. 22 октябрда ҳам айрим ҳудудларда мессенжерлар вақт-вақт билан ёмон ишлади — бундан «Сбой.рф» ва detector404.ru порталлари маълумотлари далолат беради. Жумладан Новосибирск, Томск, Иркутск вилоятлари, Красноярск ўлкаси, бундан ташқари, Владивосток, Бурятия, Якутия ва Камчатка аҳолиси ҳам муаммолар ҳақида шикоят қилди.

13 август куни РКН ушбу мессенжерларда «қўнғироқларни қисман чеклаш» ҳақида хабар берган эди. Ўшанда идора «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотлари ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари»га таяниб, Telegram ва WhatsApp россиялик фуқаролар учун таҳдидлар яратиш мақсадида ишлатилаётганини билдирган. Бундан бир неча кун олдин ҳам РФ фойдаланувчилари узилишлардан шикоят қилганди.

ОАВ маълумотларига кўра, хорижий мессенжерлардаги қўнғироқларни блоклаш сўрови Россиядаги алоқа операторларининг «катта тўртлиги» (МТС, «Мегафон», «Билайн» ва Tele2) томонидан илгари сурилган. Операторлардан бирига кўра, бу қадам, гўёки, мессенжерларни умуман блоклаш эҳтимолини бартараф этиши мумкин, «чунки ҳуқуқ-тартибот идораларининг асосий эътирозлари йўққа чиқади». Яна бир позиция шундан иборат эдики, қўнғироқларни блоклаш киберфирибгарлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид