Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ сулҳни назорат қилиш учун Ғазо осмонида дронлар учирмоқда
АҚШ Марказий қўмондонлиги янги «мувофиқлаштириш маркази»да Ғазодаги вазиятни реал вақт режимида кузатиш имкони мавжудлигини билдирди. Таҳлилчиларга кўра, бу разведка фаолияти – АҚШ Исроилдан мустақил равишда секторни ўрганаётганини англатади.
Фото: AFP
АҚШ ҳарбийлари сўнгги кунларда Ғазода сулҳ битимига риоя этилишини таъминлаш доирасида секторда кузатув дронларини ишлатишни бошлади. Бу ҳақда АҚШ ва Исроил мудофаа расмийларига таяниб, New York Times хабар бермоқда.
Манбаларнинг айтишича, дронлар Исроил розилиги билан Ғазодаги ерусти ҳаракатларини кузатиш учун ишлатилмоқда. Аноним шарти асосида сўзлаган ҳарбийлар дронларнинг парвоз йўналишлари ошкор этилмаслигини билдирди.
Кузатув миссиялари АҚШ Марказий қўмондонлиги томонидан Исроилда ташкил қилинган Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш марказига ёрдам сифатида амалга оширилмоқда. Марказнинг асосий вазифаларидан бири — сулҳни назорат қилиш.
Нашрнинг ёзишича, 10 октябрда кучга кирган, АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида тузилган Ғазо бўйича сулҳ битими айни вақтда таранг ҳолатга келиб қолган.
Шу сабабли АҚШ вице-президенти Ж.Д. Венс, давлат котиби Марко Рубио ҳамда бошқа юқори лавозимли АҚШ амалдорлари сулҳ битимини мустаҳкамлаш учун Исроилга келди. Трамп маъмуриятидаги бир неча амалдорларнинг айтишича, Оқ уйда — бош вазир Бинямин Нетаняҳу битимдан чекиниши мумкинлигидан хавотир мавжуд.
Сулҳни назорат қилишга масъул АҚШ Давлат департаменти, шунингдек Исроил армияси ҳам дронларга оид саволларга изоҳ бермади.
Исроилдаги Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш марказига борган Марко Рубио бу ерда «халқаро ҳамкорлардан Ғазога инсонпарварлик, логистика ва хавфсизлик ёрдамини етказишни мувофиқлаштириши»ни билдирди.
«Бу жараёнда [сулҳда] кўтарилишлар ҳам, пасайишлар ҳам, кутилмаган бурилишлар ҳам бўлади. Аммо эришилаётган ютуқлар борасида бизда соғлом оптимизм учун етарлича асос бор», деди Рубио.
Нега АҚШ Исроил дронларидан фойдаланмаяпти?
Аслида Исроил ва АҚШ хавфсизлик масалаларида бир-бири билан чуқур боғланган. Вашингтон Исроилни қурол ва молиявий ёрдам билан таъминлайди, икки давлат разведка маълумотларини ҳам алмашади.
Хусусан, Ғазодаги икки йиллик уруш давомида Исроил армияси разведка маълумотларини йиғиш ва бошқа мақсадларда доимий дронлардан фойдаланиб келган. Урушнинг дастлабки босқичларида АҚШ Ғазода гаровдагиларни қутқариш амалиётларига ёрдам бериш учун MQ-9 Reaper дронларидан фойдаланган ва ушбу парвозлардан олинган маълумотларни Исроил билан баҳам кўрган.
Лекин сўнгги разведка фаолияти – АҚШ Исроилдан мустақил равишда Ғазодаги вазият ҳақида ўз тасаввурига эга бўлишни истаётганини кўрсатмоқда.
Барак Обама даврида АҚШнинг Исроилдаги элчиси ва Жо Байден даврида Эрон бўйича махсус элчи бўлиб ишлаган Дениэл Б. Шапиро бу миссиядан ҳайратда қолганини билдирди.
«Бу Исроил фаол таҳдид сифатида кўрадиган фронтда АҚШ мониторингининг жуда чуқур шаклидир. Агар АҚШ ва Исроил ўртасида тўлиқ шаффофлик ва тўлиқ ишонч бўлганида, бунга ҳожат қолмас эди. Демак, АҚШ бу ҳаракатлари билан – ҳар қандай ноаниқлик ёки нотўғри тушуниш имкониятини бартараф этмоқчи», дея Шапиронинг сўзларини келтирмоқда New York Times.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг айтишича, уларда Ғазодаги вазиятни реал вақт режимида кузатиш имкони мавжуд.
«Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш марказида бизга Ғазода содир бўлаётган воқеаларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи операцион майдон мавжуд. Биз сулҳни сақлаб қолиш учун жуда жиддий ишлаяпмиз. Вазият жуда нозик», деди CENTCOM вакили капитан Тимоти Хокинс.