Жаҳон | 14:01 / 27.10.2025
2605
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда ядровий қуролни Германия билан бўлишиш таклифи илгари сурилди

Буюк Британиянинг қатор юқори мартабали ҳарбий арбоблари, жумладан НАТОнинг собиқ бош котиби ва Мудофаа штаби собиқ раҳбари, АҚШ қўллаб-қувватлашининг ноаниқлиги ва РФнинг «ядровий риторикаси» фонида Германия билан ядровий қуролдан биргаликда фойдаланиш масаласида музокара бошлашга чақирди, деб ёзади The Daily Telegraph.

Фото: James Glossop/The Times/empics/picture alliance

Буюк Британиянинг бир неча юқори лавозимли ҳарбий арбоблари Россия томонидан келиб чиқаётган «критик» таҳдидга қарши туриш мақсадида Германия билан ядровий қуролни биргаликда қўллаш бўйича музокараларни бошлашни таклиф этди. Бу ҳақда шанба, 25 октябр куни The Daily Telegraph Лондон газетаси хабар берди.

«Мен бунӣ қўллаб-қувватлайман. Бу тўғри ва ўринли, бу анча аввал амалга оширилиши керак эди. Агар Россия ядровий риторикани кенгайтиришда давом этса, бу бутун Европада айрим қарорлар қабул қилинишига мажбур этади», — деди 1999–2003 йилларда НАТО бош котиби бўлган Жорж Робертсон.

Ўз навбатида, 2013–2016 йилларда Буюк Британия Мудофаа штабини бошқарган фелдмаршал Жон Хоутон АҚШнинг Европа мамлакатларига ҳарбий кўмаги қисқариши мумкинлиги шароитида бутун қитъа миқёсида ядровий тийиб туриш лойиҳаси ҳақида ўйлаб кўришга чақирди. «Францияникидан ташқари, европача вариант билан бўшлиқни тўлдириш бизнинг эътиборимизда бўлиши керак. Лекин бу яхши нарсами ёки ақлдан оздирувчими? Шахсан мен ҳали қарор қабул қилмаганман», — деди у.

Буюк Британия Мудофаа вазирлигидаги газета манбаларига кўра, ҳозирча мамлакат ва Германия ўртасида ядровий тийиб туриш мавзусида ҳеч қандай музокара олиб борилмаяпти. Улар икки мамлакатнинг ҳарбий ҳамкорлиги ҳали «ядровий қуролни биргаликда қўллаш» даражасидан «анча узоқ» эканини таъкидлади.

Буюк Британия генерали Ричард Бэрронс эса Европада ядровий қуролни биргаликда қўллаш ғоясини амалга ошириб бўлмайди деб ҳисоблайди. «Россиядек рақибингиз битта шахс (қарори)га боғлиқ бўлган шароитда, чекланган вақт ичида 30 та мамлакат ўртасида консенсусга эришишга уриниш — нореал», — деди у.

Франция ва Буюк Британия — Европада ядровий қуролга эга бўлган ягона икки давлат. Биринчисида қарийб 300 ядровий каллак, иккинчисида тахминан 250 та бор. Германия Франция билан аллақачон Париж ядровий «соябони»ни қандай шартларда кенгайтириши мумкинлиги борасида «стратегик музокаралар» олиб бормоқда. Шу билан бирга, федерал канцлер Фридрих Мерц бу масалани Буюк Британия билан ҳам муҳокама қилишда «зарурат»ни кўраётганини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид