Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунё болаларини бирлаштирган кема Самарқандга етиб келди...
Таниқли рассомлар Илья ва Эмилия Кабаковларнинг «Бағрикeнглик кемаси» халқаро лойиҳаси илк бор Марказий Осиёда намойиш этилди. Лойиҳа Ўзбекистон болаларининг тинчлик, умид ва бирдамлик ҳақидаги 1000 дан ортиқ расмларини мужассам этган елкан орқали ўз ғоясини ифода этмоқда.
ЮНЕСКОнинг 43-сессияси ва XIV Ёшлар форуми доирасида «Бағрикeнглик кемаси» лойиҳасининг 20 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилди.

«Бағрикeнглик кемаси» таниқли рассомлар Илья ва Эмилия Кабаковлар томонидан 2005 йилда Мисрда бошланган. Бугунга қадар дунёнинг 20 га яқин шаҳрида намойиш этилган халқаро бадиий лойиҳа ҳисобланади. У санъат воситасида маданиятлараро мулоқот, бағрикeнглик ва тинчликни тарғиб этишга хизмат қилади.

Самарқанддаги лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган болалар чизган расмлар асосида елкан ўрнатилди. Ҳар бир расм тинчлик, умид ва бирдамлик тимсоли сифатида «кемани» безаб турибди.

ЮНЕСКО Ёшлар форуми доирасида ўтказилган халқаро болалар концертида эса ўзбекистонлик ва хорижий ижрочилар, оркестрлар, ансамбллар ва хор жамоалари иштирок этди. Улар мумтоз ҳамда анъанавий куй-қўшиқлар орқали лойиҳа тарғиб қилаётган ғояларни - мулоқот, ижодкорлик ва бирлашувни - мусиқий ифодада етказдилар.
Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашича, «Бағрикeнглик кемаси» дунё болаларининг умумий овозидир. У миллат, дин ёки тилга қарамасдан, инсониятни тинчлик ва тушуниш сари чорлайди.
Кабаковларнинг ушбу лойиҳаси сўнгги йигирма йил ичида Венеция, Москва, Лондон, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда «тинчлик ва бирдамликнинг тирик ёдгорлиги» сифатида эътироф этилган. Энди эса бу рамзий кема Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий боғлиқлик тимсоли сифатида Самарқанд осмонида «елкан ёзмоқда».



Мавзуга оид
08:50 / 18.12.2025
Тошкент, Самарқанд ва Гулистонда 3 нафар адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди
14:05 / 17.12.2025
Тошкент–Самарқанд янги темирйўлининг техник-иқтисодий асослари тайёр бўлди
08:00 / 16.12.2025
Самарқандда мармар тошлар орасига яширилган 37 кг опий фош этилди
22:08 / 13.12.2025