Жаҳон | 08:14 / 31.10.2025
4454
3 дақиқада ўқилади

Британия қироли Чарлз III укасини шаҳзода унвонидан маҳрум қилди

Қирол Чарлз III Жеффри Эпштейн билан алоқалар борасидаги айбловлар туфайли шаҳзода Эндрюни унвонларидан маҳрум этиш жараёнини бошлади. Эндрю шунингдек Виндзордаги қиролий резиденциядан чиқарилмоқда.

Фото: Pool/i-Images/IMAGO

Буюк Британия қиролининг укаси шаҳзода Эндрю барча унвонларидан маҳрум этилади ва Виндзор қасри ҳудудидаги қироллик хонадонларини тарк этади. Марҳум малика Елизавета II нинг иккинчи ўғлини унвонлардан маҳрум этишнинг расмий тартибини қирол Чарлз III бошлаб бергани ҳақида 30 октябр куни Букинҳэм саройи хабар берди.

Баёнотда айтилишича, шаҳзода Эндрюга Роял Лодж (Royal Lodge) резиденцияси бўйича “ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида расмий билдиришнома юборилган” ва у “бошқа хусусий уй-жойга кўчиб ўтади”. BBC медиакорпорацияси аниқлашича, Эндрю Норфолк графлигидаги қиролликнинг Сандринҳэм мулкига кўчади, яшаш харажатларини эса қирол ўз шахсий маблағларидан қоплаб беради.

Букинҳэм саройи Британия шаҳзодасининг вояга етмаганларга нисбатан жинсий савдо айбловлари қўйилган америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари атрофидаги можаро фонида бу қарорни эълон қилди. 2019 йили Эпштейн қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган ҳолда топилган эди.

“Ушбу чоралар зарур, деб ҳисобланди, гарчи у (Эндрю) ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этишда давом этса-да, — дейилади сарой билдирувида. — Қирол фикри зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига дуч келган жабрдийдалар ва омон қолганлар билан бўлган ва шундай бўлиб қолишини аниқ баён қилишни истайди”.

Қиролий оила аъзосининг Эпштейн билан дўстлиги мавзуси яқинда Виржиния Жуффренинг вафотидан сўнг нашр этилиш арафасидаги хотираларидан иқтибослар эълон қилингач яна диққат марказига қайтди. У мазкур китобда Эпштейн томонидан одам савдосининг қурбони бўлганини ва 17 ёшида шаҳзода Эндрю билан жинсий алоқаларга киришганини даъво қилади.

Букинҳэм саройи маълумотларига кўра, эндиликда шаҳзода Эндрю “Эндрю Маунтбеттен-Виндзор” деб аталади.

Жорий октябр ойида Эндрю Йорк ҳерцоги унвонидан воз кечганини эълон қилган эди. 2022 йилда у унвонларининг катта қисмидан маҳрум этилган ва қироллик вазифаларидан четлатилган. Шаҳзода унвонидан маҳрум қилиш уни Британия тахтига даъвогарлар рўйхатидан автоматик равишда чиқариб ташлашни англатмайди — у мерос тартибида саккизинчи ўринда қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид