Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон аҳолиси 38 миллионга етди: 40 миллионлик маррага узоғи 3 йил қолди. Рус миллатчиси ўзбек муҳожирини таҳқирлади: ТИВ нега унинг Ўзбекистонга киришини тақиқламади? Марказий банк ойликларни тезроқ оширишга чақирди: бу масалада қўшниларимиздан анча орқада қоляпмиз. Президент футбол бўйича қарор имзолади: энди ҳар битта маҳаллада футбол майдони бўлиши керак.

Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

38 миллионга етдик

Ўзбекистон аҳолиси сони расман 38 миллионга етди. Бу “юбилей” мустақилликнинг 34 йиллиги арафасига, 28 августга тўғри келди. Шу тариқа, ўзбекистонликлар охирги бир йил ичида 700 минг нафарга кўпайди. Шу темп сақлаб қолинадиган бўлса, 2028 йил ўрталарига бориб 40 миллионлик марра ҳам забт этилади. Бу билан Ўзбекистон энг кўп нуфусга эга 40 та давлат қаторидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Аҳолимизнинг 35 фоизи ҳали 18 ёшга тўлмаган. Меҳнатга лаёқатли ёшдагилар сони 21 миллион ёки умумий аҳолининг 56 фоизини ташкил этади. Расмий маълумотларга кўра, ишсизлик даражаси тарихий минимум кўрсаткич – 5,1 фоизга тушган. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12 фоизи, яъни 1 млн 800 минг нафари хорижда ишлаяпти. Шавкат Мирзиёев Мустақиллик кунидаги нутқида айтишича, йил бошидан бери 700 минг ватандош юртимизга, оиласи бағрига қайтган. Президент 8 ой ичида 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланиб, камбағаллик даражаси 6,8 фоизгача тушганини айтди.

“Мамлакатимиз рақамлашган ва адолатли суд даври остонасида турибди. [...] Олдимизда қандай синовлар пайдо бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан асло ортга қайтмаймиз”,деди Шавкат Мирзиёев.