“Республика ГАИ” бошлиғи ишдан олинди: у истеъфосидан аввал соҳада баҳсли ўзгаришга қўл урди. “Ўзавтосаноат” BYD'нинг энг арзон моделларини ишлаб чиқармоқчи: ваъдага вафо қилинса, нарх 13 минг доллардан ошмаслиги керак. Рақобат қўмитаси йирик компаниялар билан судлашишга тайёр: “Лукойл” ва “Корзинка”га расман айбловлар эълон қилинди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЙҲХХ бошлиғи алмашди

Автоҳалокатларга оид танқидлар фонида, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари алмашди. Олим Саидов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига вазирликда Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган полковник Шерзод Ибрагимов тайинланди.

Олим Саидов йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини 4,5 йил бошқарди, яъни унда аянчли аҳволдаги тизимни буткул ислоҳ қилиш, йўлларда росмана хавфсизликни таъминлаш учун етарлича вақт бор эди. Шунга қарамай, йўллардаги беҳисоб аварияларга қарши тайинли чоралар кўрилмади, энг прогрессив ислоҳотлар кечиктирилди, ҳатто қоидабузар ҳайдовчилар имтиёзларга кўмилди.

Саидов кетиши олдидан тизимда қилган охирги ўзгаришларидан бири унинг 4,5 йиллик фаолиятига рамзий ҳайкал бўлди дейиш мумкин. Бу ўзгаришга кўра, энди қоидабузар ҳайдовчилар миллион марта тезликни оширса ҳам, фақат ва фақат жарима билан қутулаверади, устига-устак жарима тўлашда миллион марта чегирмадан ҳам фойдалана олади. Вазиятга қоидабузарлар кўзи билан қараганда, йўлларда хоҳлаганча тезликда юрса бўлади, фақат бунинг учун Ички ишлар вазирлигининг тегишли фондига тўлов қилинса бўлди.

Гап шундаки, Олим Саидов ишдан олинишидан бир кун олдин, 17 июлда имзоланган ҳукумат қарори билан, йўл ҳаракати соҳасида қатор янгиликлар белгиланди. Бу янгиликлардан бирига кўра, тезлик қоидабузарлиги кўчма радарлар, халқ тилида айтганда “Нексия-3” ёки “учоёқ” орқали қайд этилганида, ҳайдовчилар ЙПХ ходимидан радар кўрсаткичи билан таништиришни ва қурилманинг сертификатини кўрсатишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Айни шу ҳуқуқ мобил радарга тушган қоидабузар ҳайдовчиларга бу масалада судлашиш имконини бераётган эди.