Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда ҳукумат “шатдауни” 36 кунга етди — тарихий рекорд
АҚШда 1 октябрда бошланган бюджет инқирози туфайли давлат идоралари иши 36 кундан бери қисман ёки тўлиқ тўхтаб турибди — бу мамлакат тарихида энг узоқ “шатдаун”. 750 мингга яқин хизматчи маошсиз таътилда, сиёсий келишув эса ҳали ноаниқ.
Фото: Elizabeth Frantz/Reuters
1 октябрда бошланган АҚШдаги ҳукумат “шатдауни” (бюджет навбатдаги молия йилига қабул қилинмагани оқибатида давлат идоралари иши ва молиялаштирилиши вақтинча тўлиқ ёки қисман тўхтаб қолиши ҳолати) 5 ноябр ҳолатига 36 кунга етди — бу мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган тўхташ. Ҳозирча уни тугатиш учун замин йўқ.
Аввалги, 35 кун давом этган “шатдаун” 2018 йил 22 декабрда АҚШ президенти Доналд Трампнинг биринчи муддати пайтида бошланган эди. Ўшанда Конгрессдаги Демократик партия вакиллари Трамп 5,7 миллиард долларни АҚШ–Мексика чегарасида девор қуришга ажратишни талаб қилган бюджет қонунини қўллаб-қувватламади. Бироқ Конгресс охир-оқибат чегара девори учун маблағсиз бюджетни қабул қилди ва Трамп 2019 йил 25 январда уни имзолаб, молиявий блокланишга барҳам берди.
Конгресс бюджет бошқармаси баҳосига кўра, 2018–2019 йиллардаги “шатдаун” мамлакатга қарийб 11 миллиард доллар иқтисодий зарар етказган. АҚШдаги бюджет инқирози 1996 йил бошида 22 кун, 2013 йилда 16 кун, 1995 йилда олти кун, 1990 ва 2018 йилларда уч кундан давом этган.
Дональд Трамп 5 октябр куни АҚШ маъмурияти иши тўхтаб турган бир пайтда федерал амалдорларни ишдан бўшатиш бошланганини эълон қилди. “Бунинг барчасига демократлар айбдор. Демократлар кўплаб иш ўринларининг йўқолиши учун жавобгар”, — деди у журналистларга ва тафсилотларни аниқлаштирмай, тезда бошқа мавзуга ўтди.
Бюджетнинг блокланиши сабаб тахминан 750 минг федерал хизматчи маошсиз мажбурий таътилга чиқарилди. Истисно муҳим таъминот хизматларига — авиадиспетчерлик, полиция, чегара қўриқчилари ва тез тиббий ёрдам учун амал қилади.
Жорий “шатдаун” Қўшма Штатлар Конгресси яна бир бор вақтинчалик бюджетни келиша олмаганидан сўнг расман бошланди. Шундан бери республикачи ва демократлар раҳбарлари ўртасида музокаралар ўтказилмаган. Мухолифат вакиллари камбағал фуқаролар учун тиббий суғурта дастури — Obamacare'ни давлат томонидан молиялаштиришни давом эттириш масаласида чекинмаслигини билдирди.
Мавзуга оид
14:35 / 05.12.2025
АҚШ «Лукойл»га жорий этилган айрим санкцияларни вақтинча бекор қилди
09:40 / 05.12.2025
NYT ОАВ учун жорий этилган чекловлар сабаб Пентагонни судга берди
09:00 / 05.12.2025
НАТО Шимолий Европа мудофааси бўйича штабни АҚШга кўчиради
08:40 / 05.12.2025