Ўзбекистонда XCM номи остида навбатдаги молиявий пирамида авж олди. У бошқа шу каби молиявий пирамидалардан фарқли равишда меҳнат жамоалари, ҳатто ички ишлар тизимига ҳам фаол кириб боряпти: ходимлар билиб-билмасдан XCM тарғиботига, демак кўпроқ одам алданишига “ҳисса” қўшмоқда.

XCM нима?

Ўтган бир йилда видео кўриш орқали пул топишни тарғиб қилган HNKWhats ва Aif каби молиявий пирамидалар тўрига кўплаб ўзбекистонликлар илинди. Ҳатто ушбу лойиҳаларга банкдан кредит олиб ёки ёки бирор мулкини сотиб пул тикиш орқали бор-будидан айрилганлар ҳам бўлди. XCM шакл ва услуб жиҳатдан ана шу молиявий пирамидаларнинг “укаси”: бунда ҳам алдов нуқтаси видеоларга like босиш ва изоҳ ёзишга асосланган.

XCM, яъни X Connection Media Австралияда ташкил этилган онлайн медиа компанияси экани, 2024 йил 4 августда ташкил қилингани ва сертификат олгани айтилади. Интернетда реклама ва онлайн маркетинг лойиҳанинг мақсади сифатида қайд этилган.

Ишга олиш” ниқоби

XCM фаолиятига расмий тус бериш мақсадида “ишга олиш” ниқобидан фойдаланилган. Фақат бошқа молиявий пирамидалардан фарқли равишда бунинг учун талаблар ишлаб чиқилган. Яъни ишга қабул қилинувчилар 18-60 ёш орасида бўлиши, мулоқот қобилияти муҳимлиги, вақтни бошқара олиши зарурлиги белгиланган.

Аммо бу шунчаки ниқоб бўлиб, XCM’га ишончни ошириш учун ўйлаб топилганини сезиш қийин эмас.