Жаҳон | 13:53 / 07.11.2025
1214
2 дақиқада ўқилади

Полша 2026 йил охиригача 500 минг фуқарони ихтиёрий ҳарбий тайёргарликдан ўтказади

22 ноябрдан старт оладиган #wGotowości дастурида хавфсизлик асослари, тирик қолиш, биринчи ёрдам ва киберхавфсизлик модуллари бор. Вазир Косиняк-Камиш шундай деди: “Чегарада уруш, кибермаконда жанг — барчага тайёргарлик керак”. Ҳар бир модул бир кун, дарслар дам олиш кунларида ўтказилади.

Фото: REUTERS

Россия тарафидан келаётган таҳдид ошаётганини ҳис этар экан, Полша ўз фуқаролари учун кенг қамровли ихтиёрий ҳарбий тайёргарлик дастурини йўлга қўяди. Миллий мудофаа вазирлиги ишлаб чиққан “Тайёр ҳолатда” (#wGotowości) лойиҳасининг пилот босқичи 22 ноябр куни бошланади, деди 6 ноябр куни Варшавада мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш.

Полша ҳокимиятининг мақсади — 2025 йил охирига қадар 100 минг, 2026 йил давомида яна 400 минг фуқарони ўқитишдир.

“Иккинчи жаҳон урушидан буёнги энг хавфли даврда яшаяпмиз. Чегарамиз ортида уруш авжида, Болтиқ денгизи ҳудудида саботаж ҳаракатлари амалга оширилмоқда, кибермаконда эса жанговар ҳаракатлар кетяпти”, — деди Косиняк-Камиш. Шу боис, унинг сўзларига кўра, “қатнашишни хоҳлайдиган барча поляк фуқаролари”га — бошланғич синф ўқувчисидан тортиб қарияларгача мўлжалланган дастур тайёрланган.

Дастур тўртта модулдан иборат: хавфсизлик асослари, тирик қолиш бўйича тренинглар, биринчи тиббий ёрдам ва киберхавфсизлик. Полша рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, ўқувлар дам олиш кунларида ўтказилади, ҳар бир модул, одатда, бир кун давом этади. Фуқаро махсус илова орқали ўз яшаш жойига яқин курсларга рўйхатдан ўтиши мумкин.

Яқинда Полшада 14–15 ёшли ўқувчилар учун қурол билан муомала қилиш бўйича мажбурий таълим йўлга қўйилди. Унда реал ўқ-дорилар билан отиш назарда тутилмайди, бироқ иштирокчилар амалда қуролни йиғиш, зарядлаш ва разрядлашни, шунингдек, лазерли ёки сохта патронлар билан отишни ўрганади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид