Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп МО давлатлари етакчилари билан саммитни «ажойиб янги муносабатларнинг» бошланиши деб атади
Америка етакчисининг сўзларига кўра, C5+1 учрашуви чоғида АҚШ минтақа давлатлари билан «кўп миллиард долларлик тижорий келишувлар» тузган.
C5+1 саммити «АҚШ ва Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ўртасидаги ажойиб янги муносабатларни» бошлаб берди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
«Мен Оқ уйда бешта ажойиб давлат президентлари - Қосим-Жўмарт Тўқаев (Қозоғистон), Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Садир Жапаров (Қирғизистон) ва Сердар Бердимуҳамедов (Туркманистон) билан саммит ўтказиш шарафига муяссар бўлдим.
Ўттиз йил давомида ўтмишдошларим Марказий Осиёнинг бу мамлакатларига етарлича эътибор бермади. Энди Европа, Осиё ва Яқин Шарқ чегарасида жойлашган ва муҳим минераллар, углеводородлар ва инсоний истеъдодларнинг катта захираларига эга бўлган ушбу стратегик муҳим минтақа етакчилари бу жараёнда тўлиқ иштирок этиш ниятида бўлган АҚШ президентига эга!», деб ёзди Трамп.
Унинг таъкидлашича, C5+1 саммити давомида АҚШ минтақа давлатлари билан «авиация, муҳим минералларни қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги, темир йўллар, автомобилсозлик ва технологиялар каби соҳаларда АҚШда ўн минглаб иш ўринларини яратишга имкон берадиган кўп миллиард долларлик тижорат келишувлари»ни имзолаган.