Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ сенаторлари шатдаунни якунлаш мақсадида муросага эришди
Сенатор-республикачилар ва демократлар ўртасидаги битим тиббий суғурта соҳасидаги имтиёзлар бўйича келгусида ўтказиладиган овоз бериш ҳақидаги келишувга асосланган. Шунингдек, қисқартирилган федерал хизматчиларни ишга тиклаш масаласи ҳам назарда тутилган.
АҚШда сенаторлар 40 кундан бери давом этаётган шатдаунни якунлашга ва федерал хизматчиларга тўловларни қайта тиклашга ёрдам бериши мумкин бўлган икки партиявий келишувга эришди. Бу ҳақда демократ сенатор Тим Кейн 9 ноябр куни ўз сайтида баёнот берди.
Ҳужжатдан ва Америка ОАВ хабарларидан кўриниб турибдики, битим асосида тиббий суғурта бадаллари бўйича солиқ имтиёзларини узайтириш масаласида келгусида овоз бериш ҳақидаги келишув турибди. Бундан ташқари, келишувга кўра, шатдаун даврида бўшатилган федерал хизматчилар ишга тикланади ва тўланмаган ойликлар бўйича қарздорлик қопланади.
Ҳозирда Сенатда республикачилар кўпчилик овозга эга: 100 ўриндан 53 таси. Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун камида 60 та овоз керак эди, бироқ демократлар буни қўллашга тайёр эканини билдирган.
Битим Сенат томонидан маъқуллангандан сўнг, ҳужжатни Вакиллар палатаси ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Шундан кейин у АҚШ президенти Доналд Трамп имзоси учун юборилади. Умуман олганда, бу жараён бир неча кунни талаб қилиши мумкин.
Сенатдаги муросага АҚШ транспорт вазири Шон Даффи мамлакатдаги авиақатновлар яқин орада “минимал даражагача қисқариши мумкин” деб огoҳлантирганидан кўп ўтмай эришилди. 8–9 ноябр кунлари дам олиш пайтида АҚШда минглаб рейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган эди.
9 ноябр ҳолатига кўра, АҚШдаги шатдаун 40 кундан буён давом этмоқда — бу мамлакат тарихидаги энг узоқ танаффус. АҚШ Конгрессининг Сенати ва Вакиллар палатаси янги молиявий йил учун бюджет масаласида келиша олмаяпти.
Блоклаш туфайли тахминан 750 минг федерал хизматчи маошсиз мажбурий таътилга чиқарилди. Фақат ўта муҳим таъминотга дахлдор тузилмалар — авиадиспетчерлик хизмати, полиция, чегара қўриқлаш хизмати ва тез тиббий ёрдам учун истисно берилган.